«Андижон» клуби ёзги трансферлари қаторида иқтидорли ҳужумчи Рустам Турдимуродовни ҳам қўлга киритди.
Икки томон бир-бирига бегона эмас. Турдимуродов айнан шу ерда ўйнаган ҳолда тажрибасини ошириб, ўз голлари билан кўзга ташланган. Бир йилдан кейин Рустам янада кучли футболчи сифатида собиқ жамоасига қайтди.
Жамоа ҳам, мухлислар ҳам ҳужумчини хурсандчилик билан кутиб олдилар. Ўз навбатида футболчи ҳам мамнуният билан дастлабки интервюсини берди.
- «Андижон» жамоасига қайтганингиз билан табриклаймиз. Қайтишингизни жамоа мухлислари ҳам табиийки хурсандчилик билан қарши олишди. Яна бир бор «Андижон» аъзосига айланганингиз борасида қандай изоҳ бера оласиз?
- Ассалому алайкум. Худо хоҳласа, бу бошқача қайтиш бўлди. Барибир жамоа ва бу муҳит бошқа. Бу ердаги фан-клуб, мухлислар ҳам бошқача.
- Бу таклиф устида илк бор қачон эшитдингиз ва собиқ жамоангизга ўтиш жараёни қандай юз берди?
- Дастлаб бу маълумотни агентим томонидан эшитдим. Ёзги трансфер ойнаси очилганида шу хабар келди. Албатта, олдимизда бошқа клубларнинг вариантлари ҳам бор эди. Ҳаммасини кўриб чиқиб, якунда «Андижон»га тўхталдик.
- 2024 ва 2025 йилги мавсумлар давомида шу ерда ўйнагансиз. Ўша бир ярим йил мобайнидаги фаолиятингиз давомида ёрқин лаҳзалар ҳам бўлган. Бу ҳақида ўйлаганингизда аввало нима ёдингизга тушади?
- Ўша даврлардаги хаёлимга келадиган биринчиси – бу «Андижон» таркибида илк бор тарих яратганимиз. Фарғонада Ўзбекистон Кубогини юқорига кўтарганимиз, Андижон аҳлини хурсанд қилганимиз албатта эсга келади.
- Бир йилдан кейин яна собиқ клубингизга қўшилдингиз. Қайтганингиздан кейин қандай ўзгаришлар эътиборингизни тортяпти?
- Биринчи навбатда шароит ўзгарган. Янги база, бу ерда ҳамма шароитлар бор. Янги машғулот майдонлари, ички муҳит, қулай шарт-шароитлар янгиланган. Ҳаммаси ажойиб.
- Иккинчи давра жамоа ва сиз учун ҳам муҳим. Мухлисларнинг барча футболчилар қатори сиздан ҳам умиди катта. Шундай экан, айни пайтда мотивацияга тўламисиз?
- Аввало, «Андижон»ни танлашимда агентим ёрдам берди. Чунки бу ерда бўлганман, ўйнаганман ва «Андижон»га ёрдам бериш учун келдик. Олдимизда 15-16 та ўйин бор, мақсад қўйганмизки, кўпроқ голлар уриб, яхши статистика қайд этиб, жамоага ёрдам бериб, чемпионликка даъвогар бўлиш нияти билан келдик. Худо хоҳласа, ҳаракат қиламиз.
- Икки йил муқаддам жамоа билан Кубокни ютиб тарих яратгансизлар ва унда сиз ҳам қатнашгансиз. Бу сафар сизда яна шу имконият бор. Нимагаки, клуб Кубокдаги иштирокини давом эттиряпти...
- Албатта, мақсадим олдинги ёқимли онларни такрорлаш ва Кубокни яна бир бор бошимиз узра кўтариш.
- Жамоа сафида нечта гол уришни мўлжаллаяпсиз?
- Бу йил кўпроқ гол урмоқчиман. Биринчи мақсадим 10 та гол уриш. Чунки олдинги ўйнаган пайтларимда 8-9 та гол урганман. Энди кўпроқ урмоқчиман.
- «Андижон»ни олдинда «Нефтчи»га қарши водий дербиси кутмоқда. Бўлажак баҳсдан нималар кутяпсиз? Ҳар холда «Бобур арена»да бошқача муҳит бўлади ва сиз ҳам бундай муҳитни соғингансиз.
- Кўп дербиларда бўлдим. Барибир водий дербиси бошқача. Бу ерда бўлганимда ҳам ўйнаганман. Бу дербида фақат «Андижон» учун, ғалаба учун чиқамиз. Боримизни берамиз, ўйинга 100 фоиз тайёрланамиз ва тайёр бўлиб чиқамиз.
- Мухлислар учун нима дея оласиз?
- Ўйинга келиб бизни қўллаб-қувватлашларига ишонаман, Худо хоҳласа, ғалабани бирга нишонлашни тилаб қоламан!
Рустам Турдимуродов: «Бу бошқача қайтиш бўлди»
Эксклюзив
11 август, 10:49
Водий клубига қайтган ҳужумчи Tribuna.uz учун интервю берди.
Фото: Андижон ПФК