Бразилия миллий жамоаси бош мураббийи Карло Анчелотти замонавий футболда фақат истеъдод ҳисобига йирик турнирларда ғалаба қозонишнинг имкони йўқлигини айтди.
«Бразилия кўплаб иқтидорли футболчиларни етиштириб берадиган мамлакат. Масалан, Эндрик ва Эстевао жуда ёш, аммо фавқулодда истеъдодли футболчилар. Истеъдод генетика, инфратузилма, маданият ва мамлакатнинг футбол анъаналари орқали шаклланади.
30 йил аввал истеъдоднинг ўзи ғалаба қозониш учун етарли эди. Бугун эса бундай эмас. Уни профессионаллик, билим, жисмоний тайёргарлик, жиддий ёндашув ва кучли характер билан мустаҳкамлаш керак. Ана шундагина истеъдод ҳал қилувчи омилга айланиши мумкин», — дея Анчелоттининг сўзларини Goal нашри келтирди.
Эслатиб ўтамиз, италиялик мутахассис 1994 йилги Жаҳон чемпионатида Италия миллий жамоаси мураббийлар штабида ишлаган. Ўша турнир финалида италияликлар Бразилияга пеналтилар сериясида мағлуб бўлганди.