Live
1
Ўзбек

Жамшид Саидов: «Биринчи бўлимда жамоамни танимадим»

Эксклюзив
18 июл, 15:51
«Қизилқум» устози «Динамо»га қарши баҳсдан сўнг ўз фикрларини билдирди.
Жамшид Саидов: «Биринчи бўлимда жамоамни танимадим»
Фото: Қизилқум ПФК
18.07.2026 FT Ўзбекистон Суперлигаси Кизилкум Кизилкум 1 : 2 Динамо Динамо

Навоийнинг «Қизилқум» жамоаси ўз уйида «Динамо»ни қабул қилди. Мезбонлар таркибида анча ўзгаришлар кузатилдмоқда ва янги бош мураббий Жамшид Саидовнинг дебют ўйини ҳам эди. Бироқ майдон эгалари самарқандликларга 1:2 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. Ўйиндан кейин навоийликлар устози Жамшид Саидов қатор саволларга жавоб қайтарди

«Ассалому алайкум. Нима ҳам дейиш мумкин? Икки ойлик танаффусдан кейинги илк ўйинимизни ўтказдик. Афсуски, биринчи бўлим биз учун умуман ўхшамади. Бу ҳақда айтадиган ижобий гап йўқ. Йигитлар иссиқни баҳона қилишяпти, аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам биринчи бўлимда жамоамиз майдонда деярли кўринмади. Қўпол хатоларга йўл қўйдик ва натижада биринчи бўлимни 0:2 ҳисобида якунладик. Иккинчи бўлимда ўйинимизни қайта ташкил қилдик. Жамоа ўзини ўнглаб олди ва анча яхши футбол кўрсатди. Афсуски, яратилган имкониятларимиздан фойдалана олмадик. Ҳар ҳолда ҳаёт давом этади. Олдинда яна ўйинлар бор. Ўйлайманки, ўйиндан-ўйинга кучайиб, очколар жамғариб борамиз.

- Ҳозирги кунда «Қизилқум» жамоаси таркиби ёмон эмас. Лекин трансфер ойнаси ҳали ёпилгани йўқ. Селекция ишлари давом этадими ёки таркиб тўлиқ шакллантирилдими?

- Албатта, иккинчи давра жуда оғир кечади. Барча жамоалар биринчи даврада бир-бирини яхши ўрганиб бўлди. Кимдир таркибини кучайтирди, кимдир эса йўқ. Энди ҳақиқий кураш бошланади. Айниқса, турнир жадвалининг қуйи қисмидаги жамоалар мавсум охиригача ҳар бир очко учун кураш олиб боради.

Масалан, «Машъал» биринчи ўйиндаёқ ғалаба қозониб, ўз характерини намоён қилди. «Динамо» ҳам яхши ўйин кўрсатмоқда. Менимча, бу кураш мавсум охиригача давом этади. Барча жамоалар ғалаба қозониш ва турнирдаги ўрнини яхшилаш учун майдонга тушади. Селекция ишлари ҳамон давом этмоқда. Яқин кунларда яна икки-уч нафар футболчи жамоамизга қўшилади, деб ўйлайман. Трансфер ойнаси 10 августгача очиқ. Шу йўналишда ишлаяпмиз ва таркибимиз яна янги футболчилар билан тўлдирилади.

- Биринчи бўлимда жамоа умуман ҳужум қилмагандай туюлди. Фақат икки ҳужум зарба билан якунланди, холос. Иккинчи бўлимда эса бутунлай бошқа жамоани кўрдик. Танаффусда футболчиларни қаттиқ руҳлантирдингизми ёки бу тактик режа эдими?

- Ростини айтсам, биринчи бўлимда мен ҳам ўз жамоамни танимадим. Биз бешта кетма-кет узатмани ҳам амалга ошира олмадик. Доимо тўп учун курашдик. Агар тўпни назорат қила олмасангиз, хоҳлайсизми-йўқми, ҳимояланишга мажбур бўласиз. Шунинг учун биринчи бўлимдаги ўйинимизни тушуна олмадим. Футболчилар иссиқни сабаб қилиб кўрсатишди. Аммо рақиб ҳам худди шундай шароитда ўйнади. «Динамо» ҳам шу ҳавода майдонга тушди. Шунинг учун буни фақат иссиқ билан изоҳлаб бўлмайди.

Иккинчи бўлимда йигитлар ўзларини тиклаб олишди, вазиятни англашди ва анча яхши ўйин намойиш қилишди. Ҳисобни тенглаштириш имконияти ҳам бўлди. Аммо вазиятларимиздан фойдалана олмадик. Танаффусда уларни алоҳида руҳлантирдингизми, деган саволга жавобим — йўқ. Улар ўзлари хулоса чиқаришди ва иккинчи бўлимга бошқача кайфият билан чиқишди.

Мен улардан миннатдорман. Ҳар қандай ҳолатда ҳам жамоа учун асосий масъулият мураббий зиммасида бўлади. Агар жамоа мағлуб бўлса, демак, мураббий ҳам мағлуб бўлган ҳисобланади. Энди хатоларимиз устида ишлаймиз, сабабларини таҳлил қиламиз. Кейинги ўйингача вақт кам. Навбатдаги баҳсимиз сафарда бўлади. Шу вақт ичида биринчи бўлимдаги камчиликларимиз сабабини аниқлаб, кейинги ўйинга тайёргарлик кўрамиз.

- Стандарт вазиятларнинг бирортаси ҳам самара бермади. Машғулотларда бу жиҳат устида ишламайсизларми?

- Нега ишламаймиз? Стандарт вазиятлардан кўплаб имкониятлар яратдик. Фақат ҳал қилувчи зарба ва якунловчи ҳаракат етишмади. Бугунги кунда стандарт вазиятлар устида барча жамоалар ишлайди. Биз ҳам ишлаймиз.

Афсуски, бугун имкониятлардан фойдалана олмадик. Айрим вазиятларда курашда ютқаздик, баъзи ҳолатларда кечикдик. Лекин стандарт вазиятларнинг ўзида муаммо бўлди, деб айтмайман. Имкониятлар бўлди, аммо улардан фойдаланмадик. Қайсидир жойда кечикдик, қаердадир тезкор қарор қабул қила олмадик, айрим ҳолатларда эса диққатни бир лаҳзага йўқотдик.

Балким, бу ёзги танаффусдан кейинги биринчи ўйини бўлгани учун ҳаяжон ҳам таъсир қилгандир. Лекин яна такрорлайман, биринчи бўлимда жамоамизни майдонда кўрмадим. Иккинчи бўлим эса анча яхши ўтди. Шу йўналишда ишлашда давом этамиз.

«Динамо» ҳимоя ва яримҳимоя чизиғини узун узатмалар орқали тез ёриб ўтди ва биринчи бўлимда айнан шу орқали икки гол урди. Биз рақибни яхши ўрганган эдик. Айрим футболчилари ўйин тақдирини ҳал қилиши мумкинлигини билардик. Масалан, Хожимирзаев ва Амоновга алоҳида эътибор қаратган эдик. Аммо афсуски, айнан улар ўйинни ҳал қилишди.

Албатта, биз томондан ҳам хатолар бўлди. Айрим вазиятларда кечикдик, баъзи жойларда тўғри ҳаракат қила олмадик. Буларнинг барчасини яна таҳлил қиламиз ва биринчи бўлимда нима учун бундай ўйнаганимизнинг сабабларини аниқлашга ҳаракат қиламиз.

Олдиндаги барча ўйинлар жуда оғир бўлади. Энди осон ўйиннинг ўзи йўқ. Айниқса, иккинчи даврада ҳар бир учрашув жуда мураккаб кечади. Жамоани янада кучайтиришимиз, ишлашда давом этишимиз керак. Қаранг, чемпионлик учун курашаётган жамоалар ҳам мағлубиятга учрамоқда.

Демак, ҳеч ким учун осон эмас. Иккинчи даврада ҳар бир очко олтинга тенг. Турнир жадвали жуда зич. Бир ғалаба сизни юқорига кўтаради, бир мағлубият эса пастга тушириб юборади. Шунинг учун ҳар бир очко учун курашамиз. Худо хоҳласа, керакли очколарни жамғарамиз. Биз ишлашда, хатоларни бартараф этишда ва жамоани янада яхшилашда давом этамиз» - дея Саидовнинг сўзларидан келтиради Tribuna.uz мухбири.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Кизилкум Кизилкум
  • Динамо Динамо
  • Ўзбекистон Суперлигаси Ўзбекистон Суперлигаси
Бугунги янгиликлар