Қаршида бўлиб ўтган «Насаф» ва «Сўғдиёна» (2:1) жамоалари ўртасидаги ўйиндан кейин меҳмонлар бош мураббийи Улуғбек Бақоев матбуот анжуманида фикрларини айтиб ўтди.
- Ўйиннинг бошланишини барчангиз кўрдингиз. Тезкор пеналти, тезкор гол. Кейин назоратни қўлга олгандек бўлдик, аммо яна гол ўтказиб юбордик ва ҳисоб 2:0 кўринишига келди. Биринчи таймни омадсиз ўтказдик, деб айтмаган бўлардим. Лекин айрим вазиятлардан фойдалана олмадик, «Насаф» эса ўз имкониятларини голга айлантирди.
Иккинчи таймда ҳам худди шу ҳолат кузатилди. Ўйинни назорат қилдик, «Насаф» эса тезкор қарши ҳужумлар уюштирди. Учрашувнинг охирги қисмида имкониятларимиз бўлди, гол урдик, ҳатто яна гол киритишимиз ҳам мумкин эди. Натижада 1:2 ҳисобида мағлуб бўлдик. Айтиш мумкинки, дуранг ўйнаш имконимиз ҳам бор эди. Умуман, кўрсатган ўйини учун йигитларга раҳмат айтаман. Энди кейинги учрашувларга тайёргарлик кўрамиз. «Насаф» жамоасига эса Осиё Чемпионлар лигасида омад тилайман.
- Пеналти белгилаш борасидаги вазиятга қандай баҳо берасиз?
- Пеналти бўлган ёки бўлмаганини баҳолайдиган махсус комиссия бор. Ҳар биримизнинг ўз фикримиз бўлиши мумкин. Менинг фикримча, бу пеналти эмас эди. Агар шундай вазиятларда пеналти белгиланаверса, ҳар бир ўйинда пеналти бериш мумкин.
- Жамоага келганингизда ҳисобингизда атиги бир очко бор эди. Ҳозир эса тўққиз очко жамғарилган. Аммо жамоа кўп гол уриши билан бирга, кўп гол ҳам ўтказиб юбормоқда. Бунинг сабаби нимада?
- Тарихга назар ташласак, жамоага келганимизда ҳисобимизда бир очко бор эди. Бугунги кунда эса тўққиз очкомиз бор, тўғрими? Шунинг учун вазият осон эмас. Чемпионат давомида кўп нарсани тўғрилашга тўғри келади. Биринчи навбатда, футболчилар селекцияси, иккинчидан, бошқа жиҳатлар ҳам бор. Умуман, йигитларга ҳам, клуб раҳбариятига ҳам раҳмат айтаман. Улар жамоада яхши муҳит яратиб беришмоқда.
Гол уряпмиз, лекин кўп гол ўтказиб ҳам юборяпмиз. Балки бу психологик омил билан боғлиқдир, балки бошқа сабаблар бордир. Эҳтимол, диққатни жамлашда муаммолар кузатилаётгандир. Бунинг сабаблари кўп бўлиши мумкин. Бу футбол. Яхши томони — гол уряпмиз. Энди ўтказиб юбораётган голларимиз камроқ бўлса, янада яхши бўларди.
- «Насаф»ни агрессив ва кучли жамоа сифатида биламиз. Бугунги учрашувда ҳам уларнинг ўйинига қарши тактик жиҳатдан қандай тайёргарлик кўрдингиз? Рақибнинг айрим асосий футболчилари захирада қолганини ҳам ҳисобга олсак, бу ҳолатга қандай қарайсиз?
- «Насаф»ни жуда кўп йиллардан бери ҳам ички чемпионатда, ҳам Осиё Чемпионлар лигасида барқарор иштирок этаётган, ўз обрўсига эга жамоа сифатида биламиз. Таркибида яхши, сифатли футболчилар бор. Рўзиқул Бердиев бошчилигидаги мураббийлар штаби ҳам юқори савияда.
«Насаф» Ўзбекистон чемпионатининг етакчи жамоаларидан бири. Шунинг учун уларга доимо жиддий ёндашамиз. Футболчиларининг савиясини яхши тушунамиз, ўйин жараёнини назорат қилишга ва шу орқали ўз ўйинимизни кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Бунинг учун муайян тактик схемани танлаймиз.
Учрашувни таҳлил қилсак, ўйиннинг катта қисмида назорат бизда бўлди. «Насаф» эса тезкор қарши ҳужумларга ўтди. Менимча, бу ўйин орқали «Насаф»да Осиё Чемпионлар лигасига тайёргарлик омили ҳам бўлган бўлиши мумкин. Бу — шахсий фикрим. Асосий таркибда ўйнаши керак бўлган айрим футболчиларнинг ўрнига майдонга тушганлар ҳам жуда яхши ўйин кўрсатишди. Демак, «Насаф»да бу борада муаммо йўқ», - дея Бақоевнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz журналисти.
Улуғбек Бақоев: «Фикримча, бу пеналти эмасди»
Эксклюзив
25 октябр, 04:55
Бақоев матбуот анжуманида фикрларини айтиб ўтди.
Фото: Tribuna.uz
24.10.2026
FT
Ўзбекистон Суперлигаси
Насаф
2
:
1
Сўғдиёна