Англия миллий жамоасининг собиқ футболчилари Гари Линекер ва Алан Ширер «Тhe Rest is Football» подкастида «Манчестер Юнайтед» бош мураббийи Майкл Кэррик истеъфога чиқарилган тақдирда, «Комо» устози Сеск Фабрегас манкунианлар жамоасини бошқармаслиги кераклигини айтишди.
«Фабрегас муҳим қарор қабул қилиши керак. Агар у «Комо» билан, ҳатто ўртача муваффақиятларга эришишда давом этса ҳам, йирик клублар унга қизиқиш билдиради. Эҳтимол, улардан бири «Манчестер Юнайтед» бўлар. Агар у бу ишга рози бўлса, бу телбалик бўлади! Бу мураббийлар қабристони», — деди Линекер.
Алан Ширер ҳам «Манчестер Юнайтед»даги вазиятни танқид қилди.
«Бу улкан футбол клуби эканини биламан, аммо ҳозир у ерда ишлаш унчалик жозибадор эмас. Чунки клубда кўплаб мураббийлар алмашди. Бу ишнинг ягона жозибали томони — 12 ёки 18 ойдан кейин катта товон пули олиши мумкинлиги», — деди Ширер.
Маълумот учун, Фабрегас «Комо»ни 2024 йилдан буён бошқариб келмоқда.
Эслатиб ўтамиз, «Манчестер Юнайтед»да Майкл Кэррикнинг келажаги борасидаги қарор Фабрегасга қизиқиш билан боғлиқ тахминлар фонида муҳокама қилинмоқда.