«Насаф» клуби Суперлиганинг 25-турида ўз уйида Жиззахнинг «Сўғдиёна» жамоасини 2:1 ҳисобида мағлуб этиб, уч очкони қўлга киритди.
Ғалабадан сўнг қаршиликлар устози Рўзиқул Бердиев одатдагидек матбуот анжуманида иштирок этди.
- 2:0 ҳисобидан кейин йигитларимизга буни таъкидламган бўлсак ҳам тежамкор ўйинга ўтиб қолишди. Ҳисобни ушлашимиз ва кучимизни тежашимиз керак эди. Шунга эътибор қаратишди. Ўйинни охирида «Сўғдиёна» жамоасини вазиятлари бизни хавотирга солди. Шунга қарамай, ғалаба эришдик. «Сўғдиёна» яхши жамоалардан бири. Индивидуал жиҳатдан маҳоратли ўйинчилари кўп. Стандарт вазиятларда яхши ҳаракат қилишади. Бу учрашувда ҳам буни амалда бажаришмоқчи бўлишдию, лекин йигитларга стандартларда рақиб футболчиларига хушёр бўлиш вазифасини айтгандик, буни бажаришди. Қийин бўлса ҳам ғалабага эришдик.
- Шала ва Шароф Муҳитдинов захирадан майдонга тушишди. Улар ўйинни қайси жиҳатларини жонлантириб бера олдилар?
- Биласизми, чарчаган футболчилар ёки кимнидир кейинги ўйинга сақлаш ниятида позицион ўзгаришларни қилдик. Кучайтириш керак эди. Аммо Шала биринчи марта захирадан тушгани учунми, унчалик ўйинга киришиб кета олмади. Асосий вазифа кимгадир дам бериш ҳамда ўйин тезлигини янада ошириш эди. Бироқ биз боя айтиб ўтганимдек, орқага эътибор қаратиб қўйдик. Ўйинларимиз бир-бирига яқин ва биз ҳам қаердадир кучимизни тежашимиз керак эди. Шу боис уларни захирадан қўйдик. Мурод, Шароф, Шала каби ўйинчиларга дам бердик. Ўйлайманки, йигитлар кейинги ўйинга мотивация ва куч топа оладилар.
- Бу сафар пеналтини Бобур Абдихолиқов тепди...
- Пеналтини бошқасидан кутгандим, лекин Бобур тепди, қойил! Ўзига олиб, ишончли бажарди. Албатта, бундан хурсандмиз. Қолаверса, охирги учрашувларда гол керак эди, жуда ҳам. Менимча, тўғри бўлди. Ғалабага ҳисса қўшди.
- «Насаф» 4-ўринга чиқиб олди. 3-поғонадаги «Навбаҳор»ни қувиб ўтиш имкониятини қандай баҳолайсиз?
- 5 та тур қоляпти. 6 очколик фарқ, менимча катта. Аммо имкон қадар юқорироқда бўлишга ҳаракат қиламиз. Охирги 5 та учрашувни ҳам муносиб ўтказсак, ўринларимиз янада яхшиланади. 5-6 та клуб 4- 5-ўринлар атрофида юрибди. Ўйинларни яхши ўтказиб, юқорироқда бўлишга ҳаракат қилишимиз керак.
- Аввал легионерлардан норози эканингиз ҳақида айтгандингиз. Мавсум якунида легионерлар билан хайрлашиладими ёки улар олиб қолинадими?
- Норози бўлмаганмиз. Фақат бундан-да, кучлироқ ўйинчиларни таклиф қилиш режамизда бор эди. Бу норозилик эмас. Шала майдонда катта меҳнат ва катта ҳажмдаги ишни олиб боради. Ўйлайманки, клуб уни олиб қолишга ҳаракат қилади. Легионерларимиз кўпчилик эмас. Нима учун кўп эмаслиги ўзларингга аён. Клубни кейинги режа ва мақсадлари қанақа бўлишига қараб таркиб аниқлаштирилади. Кимнидир олиб қолиш, кимдир кетиши мумкин. Ҳозир бу ҳақида аниқ фикр билдира олмайман», - дея Рўзиқул Саъдуллаевичнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz журналисти.
Рўзиқул Бердиев: «Ўйин охирида «Сўғдиёна»нинг вазиятлари бизни хавотирга солди»
Эксклюзив
25 октябр, 04:58
Бердиев одатдагидек матбуот анжуманида иштирок этди.
Фото: Tribuna.uz
24.10.2026
FT
Ўзбекистон Суперлигаси
Насаф
2
:
1
Сўғдиёна