Live
5
Ўзбек

Ла Лигада «Эл-Класико», Кэррик учун cўнгги имконият, Туркияда азалий рақиблар тўқнашуви. Ҳафтанинг муҳим ўйинлари

Футбол
25 октябр, 04:51
    5
Tribuna.uz якшанба ва душанба кунларига белгиланган топ ўйинларга эътибор қаратади.
Ла Лигада «Эл-Класико», Кэррик учун cўнгги имконият, Туркияда азалий рақиблар тўқнашуви. Ҳафтанинг муҳим ўйинлари
Фото: Getty Images

Бугун Европа миллий чемпионатларида навбатдаги тур учрашувлари давом эттирилади. Шубҳасиз, барчанинг эътибори «Барселона» ва «Реал» иштирокидаги «Эл-Класико»га қаратилган. Шунингдек, «МЮ» учун яна бир жиддий cинов. Агар клуб яна ютқазадиган бўлса, Кэрикка чиқиш эшиклари кўрсатилиши мумкин. Tribuna.uz якшанба ва душанба кунларига белгиланган топ ўйинларга эътибор қаратади.

А Серия. 8-тур
25 октябр (якшанба)
«Интер» — «Фиорентина»
Бошланиш вақти:
16:30

Италия чемпиони бу мавсумда ўз майдонида ажойиб натижалар кўрсатмоқда. «Интер» А Сериядаги тўртта уй учрашувининг барчасида ғалаба қозониб, рақиблар дарвозасига 15 та гол урган.

Кристиан Киву шогирдлари айни пайтда турнир жадвалида иккинчи ўринда бормоқда. «Фиорентина» эса мавсумни муваффақиятсиз бошлади. Жамоа ҳали бирорта учрашувда ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қола олмади ва турнир жадвалининг 18-поғонасидан жой олган.

«Интер» сўнгги учта ўзаро учрашувнинг барчасида ғалаба қозонган. Бу баҳсларда умумий ҳисоб 9:1 ни ташкил этган. «Фиорентина» бу сафар миланликлардан очко ола оладими?

АПЛ. 8-тур
25 октябр (якшанба)

«Ливерпул» — «Брайтон»
Бошланиш вақти:
19:00

Англия футболига бироз вақтдан бери эътибор бермаган мухлисларни «Брайтон»нинг натижалари ҳайратга солиши мумкин. Жамоа АПЛда энг кўп қуруқ ўйин ўтказган клублардан бири бўлиб, барча турнирларда кетма-кет олтита ғалабани қўлга киритган. Шунингдек, «Брайтон» чемпионатнинг энг сермаҳсул жамоаси — унинг ҳисобида 23 та гол бор. Жамоа турнир жадвалида учинчи ўринни эгаллаб турибди, «Ливерпул» эса бешинчи поғонада.

Эътиборлиси шундаки, «чайкалар» барча мусобақаларда кетма-кет 10 та ўйиндан бери гол уриб келмоқда. «Ливерпул» иштирокидаги баҳслар ҳам голларга бой кечмоқда: мерсисайдликлар сўнгги бешта учрашувда 13 та гол уриш билан бирга, ўз дарвозасидан 10 та тўп олиб чиқди.

Бироқ «Ливерпул»нинг яна бир устунлиги бор: жамоа ўз майдонида «Брайтон»га қарши сўнгги олтита учрашувда мағлуб бўлмаган. Бу сафар ҳам томошабинларни қизиқарли ва сергол баҳс кутиб турибди.

АПЛ. 8-тур
25 октябр (якшанба)
«Манчестер Юнайтед» — «Борнмут»
Бошланиш вақти:
19:00

«Манчестер Юнайтед» Англия чемпионатида 1986/1987 йилги мавсумдан бери бундай ёмон натижаларни қайд этмаган. Ўшанда жамоа дастлабки етти турда атиги бир марта ғалаба қозонган эди. Бу мавсумда ҳам манчестерликларнинг кўрсаткичлари шунга ўхшаш.

Бундан ташқари, «қизил иблислар» АПЛдаги дастлабки еттита учрашувнинг бирортасида ҳам ўз дарвозасидан гол ўтказиб юбормасликка эриша олмади. Жамоа турнир жадвалида 13-ўринда бормоқда ва хавфли ҳудуддан атиги икки очко олдинда.

«Борнмут» ҳам сафарда ишончли ўйнамаяпти: жамоа сўнгги учта сафар учрашувида ўз дарвозасидан тўққизта гол ўтказиб юборган.

Шу билан бирга, «Манчестер Юнайтед»нинг ушбу рақибга қарши ҳам муаммолари бор. Жамоалар ўртасидаги АПЛ доирасидаги сўнгги учта учрашув дуранг билан якунланган. «МЮ» «Борнмут»ни олтита ўйиндан бери мағлуб эта олмаяпти.
Агар манчестерликлар бу сафар ҳам очко йўқотса, клуб раҳбарияти бош мураббийни алмаштириш масаласини кўриб чиқиши мумкин.

Бундеслига. 7-тур
25 октябр (якшанба)
«Фрайбург» — «Бавария»
Бошланиш вақти:
21:30

Бундеслига турнир жадвалида мезбонлар учинчи, меҳмонлар эса биринчи ўринда бормоқда.

«Фрайбург» сўнгги пайтларда ўз майдонида жуда яхши ўйнамоқда: жамоа кетма-кет бешта ғалабага эришиб, бу учрашувларда 18 та гол урган. Аммо «Бавария»га қарши баҳслар бутунлай бошқача кечади. «Фрайбург» 2015 йилдан бери ўз стадионида мюнхенликларни мағлуб эта олмаган. Ўшандан буён жамоалар ўртасидаги 10 та учрашувда мезбонлар ғалаба қозона олмаган.

«Бавария» ўз майдонида сермаҳсул ўйнаётган бўлса-да, сафарда бундай натижаларни қайд эта олмаяпти. Жамоа Бундеслигадаги сўнгги учта сафар учрашувида атиги тўртта гол урган ва бу баҳсларда тўрт очко йўқотган.

Ла Лига. 10-тур
25 октябрдан 26 октябга ўтар кечаси

«Барселона» — «Реал»
Бошланиш вақти:
01:00

Европа футболидаги ҳафтанинг энг марказий учрашуви — «Эл-Класико». «Барселона» мавсумни ажойиб бошлади, бироқ ҳафта ўртасида Чемпионлар лигасида «ПСЖ»га 2:4 ҳисобида мағлуб бўлди.

Испания чемпионатида эса каталонияликлар ҳозирча мукаммал натижа кўрсатмоқда: тўққизта ўйинда тўққизта ғалаба, 39 та гол ва турнир жадвалида биринчи ўрин.

«Реал» эса Ла Лигада икки марта мағлуб бўлгани сабабли учинчи ўринда бормоқда. Сўнгги ўзаро учрашувларда ҳам мадридликлар рақибидан устун кела олмаяпти: жамоалар ўртасидаги охирги 10 та баҳснинг еттитасида «Реал» мағлуб бўлган.

Шу билан бирга, мадридликлар барча мусобақаларда кетма-кет тўртта ғалабага эришган. Энди эса асосий савол — «Камп Ноу»да бу серия давом этадими?
Испанияга қайтган Жозе Моуринио учун ҳам бу «Эл-Класико» алоҳида аҳамиятга эга бўлади. Қизғин баҳс, кескин вазиятлар ва голларга бой учрашув кутилаётгани шубҳасиз.

Туркия Суперлигаси. 9-тур
26 октябр (душанба)
«Галатасарой» — «Фенербаҳче»
Бошланиш вақти:
23:30

Туркия чемпионатининг марказий учрашувларидан бири. «Галатасарай» турнир жадвалида биринчи, «Фенербаҳче» эса учинчи ўринда бормоқда. Жамоалар ўртасидаги фарқ уч очкони ташкил этади.

«Фенербаҳче» «Галатасарой» майдонидаги сўнгги иккита сафар учрашувида бирорта ҳам гол ура олмаган. Ўтган йилги беллашувда ҳам мухлислар кўплаб голларга гувоҳ бўлишган.

Лига 1. 8-тур
26 октябрдан 27 октябрга ўтар кечаси
«ПСЖ» — «Лион»
Бошланиш вақти:
00:30

«Лион» Франция чемпионати турнир жадвалида биринчи ўринда, «ПСЖ» эса иккинчи поғонада бормоқда. Қизиғи, ҳар икки жамоа бир хил очко тўплаган.
Луис Энрике шогирдлари ҳафта ўртасида Чемпионлар лигасида «Барселона»ни 4:2 ҳисобида мағлуб этди. Бироқ парижликлар сўнгги 10 та учрашувда атиги бир марта рақибга гол уриш имконини бермаган.

«Лион» эса «ПСЖ»га қарши кетма-кет саккизта ўйинда гол уришга эришган. Шунингдек, жамоалар ўртасидаги сўнгги тўққизта учрашувда дуранг қайд этилмаган: парижликлар етти марта, «Лион» эса икки марта ғалаба қозонган.
«Лион» бу мавсумда Франция чемпионатида ўз дарвозасидан атиги бешта гол ўтказиб юборган. Энди эса жамоани «ПСЖ»га қарши жиддий синов кутмоқда.

Янги мунозара

Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда

5 изоҳ
Муҳокамага ўтиш

Изоҳлар Telegram’да очилади

Бугунги янгиликлар