«Ювентус» бош мураббийи Лучано Спаллетти Европа Лигаси умумий босқичининг 5-тури доирасида «Омония» устидан қозонилган 4:1 ҳисобидаги ғалабадан сўнг учрашув ҳақида фикр билдирди.
«Баҳс бошида бироз ишончсиз ўйнадик ва рақиб бундан фойдаланди. Андреа Камбязонинг ажойиб голи вазиятни ўзгартирди, шундан кейин жамоа ўзига ишонч ҳосил қилди. Дарҳол энг яхши спорт формасига кириш осон эмас, айрим футболчилар узоқ вақт майдонга тушмади. Барқарорлик бўлмаса, бу янада қийинлашади. Шунга қарамай, бир нечта чиройли гол урдик ва майдонда яхши ҳаракат қилдик.
Бугун йигитларнинг фидойилиги яна бир бор намоён бўлди. Жефф Экҳатор яхши ўйин кўрсатди, гарчи биринчи бўлимда унга тўп кўп берилмаган бўлса-да. Баъзида тўпни ортиқча ушлаб турамиз ва бу ҳужумчимизга муаммо туғдиради. Натижада унга бўш ҳудуд топиш қийинлашади», — дея Спаллеттининг сўзларини келтиради клуб расмий сайти.
Маълумот учун, «Ювентус» «Омония»га қарши баҳсда 0:1 ҳисобида ортда бораётганига қарамай, камбек қайд этди. Андреа Камбязо, Жефф Экҳатор, Францишку Консейсау ва Жереми Бога туринликларга ғалаба келтирди.