Live
5
Ўзбек

«Марсел» фанатлари «Левски» мухлисларига ҳужум қилди: 5 нафар болгариялик шифохонага ётқизилди

Футбол
27 ноябр, 09:00
Европа Лигаси баҳси олдидан юз берган тартибсизликлар юзасидан УEФА ва Марсел прокуратураси текширув бошлади.
«Марсел» фанатлари «Левски» мухлисларига ҳужум қилди: 5 нафар болгариялик шифохонага ётқизилди
Foto: Getty Images
26.11.2026 FT Европа лигаси Марсель Марсель 1 : 0 Levski Sofia Levski Sofia

«Марсел» ва «Левски» мухлислари Европа Лигаси доирасидаги баҳс олдидан тўқнашиб кетди. Франция клуби 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган ўйин бошланишидан аввал меҳмонлар секторида нацистча саломлашувлар намойиш этилгани можаро келиб чиқишига сабаб бўлган. Бу ҳақда L’Équipe хабар бермоқда.

Манбага кўра, бунга жавобан «Марсел»нинг юзлаб фанатлари Жанубий трибунани тарк этиб, эшикни бузган ҳолда ён секторга бостириб кирган. Софиялик мухлислар меҳмонлар сектори тўсиғи олдида қисилиб қолган. Марселлик мухлислар уларга байроқ дасталари ва камарлар билан зарба берган. Тўқнашув бир неча дақиқа давом этган.

Натижада кўплаб мухлислар жароҳатланган: 5 нафар болгариялик шифохонага ётқизилган, яна олти кишига воқеа жойида тиббий ёрдам кўрсатилган. Полициянинг махсус бўлинмалари аралашиб, меҳмонлар сектори атрофида тўсиқ ўрнатганидан сўнг вазият барқарорлашган.

Ўйиннинг УEФА делегати ҳодисани қайд этган. Шу сабабли ташкилот «Марсел»га нисбатан интизомий иш очади. Француз клубида аввал ҳам 2025 йил ноябрида «Аталанта»га қарши уй баҳсида юз берган тартибсизликлар учун шартли жазо мавжуд эди. Ўшанда клуб Жанубий трибунани бир ўйинга қисман ёпиш билан бирга, икки йиллик синов муддати билан трибуна ёпилиши ва 71 625 евро жаримага ҳукм қилинганди. Энди шартли жазо автоматик равишда кучга киради.

Марсел прокуратураси ҳодиса юзасидан иккита тергов бошланганини маълум қилди. Биринчиси, «Марсел» мухлислари ташаббуси билан содир этилган, қурол ишлатиш, бир гуруҳ шахслар томонидан ва спорт иншоотида амалга оширилган оғирлаштирувчи ҳолатлардаги қасддан зўравонлик бўйича олиб борилмоқда. Иккинчи тергов эса «Левски» мухлисларининг нацистча саломлашувлари ва провокациялари ортидан нафрат қўзғатиш ҳолати юзасидан бошланган.

Прокуратура маълумотига кўра, икки нафар болгариялик мухлис ҳануз шифохонада қолмоқда. Улардан бирининг ҳолати доимий тиббий кузатувни талаб қилмоқда. Жабрланганларнинг умумий сони ҳозирча аниқлаштирилмоқда.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Марсель Марсель
  • Levski Sofia Levski Sofia
  • Европа лигаси Европа лигаси
Бугунги янгиликлар