Live
5
Ўзбек

«Биз жим турмаймиз!» — Туркия ФФ «Бешиктош» мухлисларининг калтакланишига муносабат билдирди

Футбол
27 ноябр, 00:45
    15
Грузияда ўтган Европа лигаси ўйинида туркиялик мухлислар ва маҳаллий полиция ўртасида тўқнашувлар кузатилди.
«Биз жим турмаймиз!» — Туркия ФФ «Бешиктош» мухлисларининг калтакланишига муносабат билдирди
Foto: Getty Images
26.11.2026 FT Европа лигаси Бешикташ Бешикташ 2 : 1 Hapoel Beer Sheva Hapoel Beer Sheva

Туркия футбол федерацияси (TFF) Европа лигаси умумий босқичининг 5-турида «Бешиктош» ва «Ҳапоэл» (Беэр-Шева) ўртасидаги учрашув вақтида грузин полициясининг туркиялик мухлисларга нисбатан хатти-ҳаракатлари юзасидан расмий баёнот берди.

Эслатиб ўтамиз, беллашув 35 дақиқага тўхтатиб қўйилди. Стадион хавфсизлик хизмати туркиялик мухлис ёйган Фаластин байроғини олиб қўйишга уринган. Шундан сўнг «Бешиктош» мухлислари уни ҳимоя қилиш учун аралашган. Натижада полиция кўздан ёш оқизувчи газ қўллаган.

Туркия футбол федерациясининг расмий баёнотида қуйидагича бўлди:

«Биз жим турмаймиз!

Грузияда UEFA Европа лигаси доирасидаги «Бешиктош» ва «Ҳапоэл» (Беэр-Шева) жамоалари ўртасидаги учрашув олдидан ва ўйин давомида стадион ичида ҳамда унинг ташқарисида мухлисларимизга нисбатан кўрсатилган номақбул муносабат, хатти-ҳаракатлар, куч ишлатиш ҳолатларини қатъий қоралаймиз.

Спортнинг умуминсоний қадриятлари, инсон қадр-қиммати, ўзаро ҳурмат ва ҳалол ўйин тамойилларини инкор этадиган, камситиш ҳамда хавфсизлик чораларидаги камчиликлар билан боғлиқ ҳар қандай амалиётни қабул қилиб бўлмайди.

Мухлисларимиз хавфсизлигига таҳдид соладиган, уларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларига дахл қиладиган бундай хатти-ҳаракатлар олдида сукут сақлашимиз мумкин эмас.

Туркия футбол федерацияси ушбу воқеаларни тўлиқ текшириш, масъул шахсларни аниқлаш ва зарур чораларни зудлик билан кўриш мақсадида жараённи охиригача кузатиб боради. Воқеаларни яшириш, айбдорларнинг жавобгарликдан қочиши ёки бундай қоидабузарликларнинг такрорланишига йўл қўйилмаслиги керак.

Жиддий хавфсизлик камчиликлар борасида бир қатор муаммоларга дуч келган «Бешиктош» клуби ва мухлисларимиз билан бирдам эканимизни таъкидлаймиз. Куч ишлатилиши ва қўпол муомалага дуч келган барча мухлисларимизга тезроқ соғайиб кетишларини тилаймиз.

Ҳеч ким унутмасинки, Туркия футболи вакиллари ҳамда мухлисларига нисбатан ҳурматсизлик, камситиш ва хавфсизлик қоидаларининг бузилиши ҳолатлари олдида сукут сақламаймиз.

Барча зарур чоралар кўрилиши, хусусан, UEFA билан ҳамкорликда воқеага алоқадор шахсларнинг жавобгарликка тортилиши учун миллий ва халқаро майдонларда қатъий ҳаракат қиламиз»,
— дейилади федерация баёнотида.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Бешикташ Бешикташ
  • Hapoel Beer Sheva Hapoel Beer Sheva
  • Европа лигаси Европа лигаси
Янги мунозара

Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда

15 изоҳ
Муҳокамага ўтиш

Изоҳлар Telegram’да очилади

Бугунги янгиликлар