«Пахтакор» раҳбарияти «Навбаҳор»га қарши учрашув (1:1)дан сўнг бош ҳакам Илгиз Танташевнинг қарорлари юзасидан даъво аризаси киритди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
«Энди ушбу вазиятларни батафсил таҳлил қилувчи видеони эътиборингизга ҳавола этамиз. ОАВ вакилларидан ушбу ҳолатни кенгроқ ёритишда амалий ёрдам сўраймиз. Зеро, бугунги «Пахтакор» футболда адолатли ҳакамлик ва ўйинларни холис бошқариш тарафдори.
Учрашув бошиданоқ икки хил ёндашув
Илгиз Танташев учрашувнинг дастлабки дақиқалариданоқ «Навбаҳор» футболчиларига қўпол ўйин учун етарлича чора кўрмади. Натижада Георгий Жгереная (34), Муҳаммадқодир Ҳамралиев (55) ва Ваня Илич (23) томонидан қўпол ҳаракатлар давом этди.
Аслида, учрашувнинг 8-дақиқасидаёқ Ваня Илич кетма-кет содир этган икки қўпол ҳаракати учун иккинчи сариқ карточка билан майдондан четлатилиши керак эди. Бироқ у биринчи огоҳлантиришни фақат 58-дақиқада олди.
Футболда «сариқ карточкага ўтказиш» деган ибора бор. Бу ҳолатни ўйиндаги қарорлар ортида қандай жараёнлар кечишини яхши биладиганлар англайди. 31- ва 35-дақиқаларда эса «Навбаҳор» футболчиларининг ҳаракатларига нисбатан енгилроқ бўлган қоидабузарликлар учун «Пахтакор» футболчилари Дилшод Саитов ва Сардор Собирхўжаев огоҳлантирилди.
«Нефтчи»га қарши ўйин олдидан бу ҳолат биз учун жиддий сигнал бўлди.
Пеналти ва эътиборсиз қолдирилган қоидабузарликлар
Учрашувда IFAB қоидаларига мувофиқлиги шубҳа остида бўлган пеналти дарвозамиз томон белгиланди. Айни пайтда IFABнинг 12-қоидаси доирасида баҳоланиши лозим бўлган Собирхўжаев ва Фламарионга нисбатан жарима майдончаси ичида содир этилган деб ҳисоблаётган қўпол ҳаракатлар ҳакам томонидан эътиборсиз қолдирилди.
Пеналти эпизоди бўйича VAR ҳаками Фирдавс Норсафаровнинг тавсияси ва мулоҳазаларига қарамай, Танташев ўз қарорини ўзгартирмади. Бизда ушбу қарор «Пахтакор» манфаатларига зид бўлгани ҳақида жиддий саволлар бор. Бу биринчи ҳолат эмас.
18 сентябр куни бўлиб ўтган «Навбаҳор» — «Динамо» учрашувидан кейин ҳам Илгиз Танташевнинг ҳакамлигига оид шунга ўхшаш видеолар тарқалганди. Ўша учрашувда у VAR ҳаками сифатида фаолият олиб борган ва эътирозларга сабаб бўлган қизил карточка эпизоди бўйича тегишли чора кўрилмагани ҳақида саволлар туғилганди.
Шунга қарамай, Ўзбекистон Футбол ҳакамлари маркази томонидан унга нисбатан қандай чора кўрилгани ҳақида очиқ маълумот берилмади.
Сўнгги пайтларда Танташев ҳакамлигига нисбатан эътирозлар кўпайиб бораётгани ҳам ушбу масалага янада жиддий ёндашиш зарурлигини кўрсатади. Ҳеч бир ҳакамнинг обрўси ёки аввалги хизматлари уни танқид ва жавобгарликдан ҳимоя қилмаслиги керак.
Ҳакамларга нисбатан чоралар нега турлича?
Тошкентда бўлиб ўтган «Пахтакор» — «Навбаҳор» учрашувида ҳам ҳакамлик қарорлари юзасидан жиддий саволлар пайдо бўлганди. Эркиновнинг голи олдидан офсайд чизиғи VAR томонидан қандай мезонлар асосида чизилгани алоҳида ўрганилиши керак.
Ўша учрашувда офсайдни қайд этган Санжар Шоюсупов кейинчалик «Сурхон» иштирокидаги ўйинда AVAR ҳаками сифатида фаолият олиб борди. Бироқ унинг фаолиятига нисбатан қандай интизомий чора кўрилгани очиқланмади. Аслида у ҳам Абдувоҳидов каби мавсум сўнггига қадар четлатилган.
Равшан Абдувоҳидов эса ўша учрашувдан кейин майдонда ҳакамлик қилмади. Шоюсупов эса кейинги учта учрашувда лайнсмен сифатида ишлади. Нега Абдувоҳидов майдонга қайтмади, Шоюсупов эса фаолиятини давом эттирди?
Агар мавсум давомидаги ҳакамлар статистикаси, уларнинг учрашувларга тайинланиши ва баҳсли эпизодлардан кейин қабул қилинган қарорлар чуқур таҳлил қилинса, ўзбек футболида ҳакамлик тизимига оид кўплаб саволларга жавоб топиш мумкин.
Биз ҳеч кимни асоссиз айблаш тарафдори эмасмиз. Бироқ баҳсли қарорлар, эҳтимолий хатолар ва ҳакамларга нисбатан чоралардаги тафовутлар очиқ текширилиши шарт. Футболда адолат ва шаффофлик таъминланиши учун ҳар бир ҳолатга бир хил мезонлар асосида баҳо берилиши лозим.
Ҳакамлик ортидан жамоа бош ҳомийсидан айрилгани каммиди? Шунга қарамай метин ирода туфайли Элит ОЧЛда сўнгги икки мавсумида муносиб иштирок этаётган жамоа «Пахтакор» эканлигини ёдингизига солиб ўтсак», — дейилади хабарда.
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади