«Галатасарoй» бош мураббийи Окан Бурук Чемпионлар Лигаси умумий босқичининг 2-тури доирасидаги «Барселона»га қарши бўлиб ўтадиган учрашув олдидан ўз фикрларини билдирди.
«Барселона»нинг қанчалик кучли экани ва қандай футбол ўйнашини тушунтиришнинг ҳожати йўқ. Биз яхши формада бўлган пайтларимизда футболчилар билан биргаликда ушбу стадионда катта ютуқларга эришганмиз.
Бизнинг мақсадимиз ҳар доим бир хил — ғалаба қозониш. Ҳамма «Барселона»ни фаворит деб ҳисоблайди, аммо таркибимизда уларга қарши курашишга тайёр ва муваффақиятга чин дилдан ишонадиган футболчилар бор», — деди Бурук UEFA расмий сайтига берган интервюсида.
Шунингдек, мураббий жамоаси ҳимояда эътиборли ҳаракат қилиши ва ҳужумда шошилмаслиги кераклигини таъкидлади.
«Ҳужумда хотиржамликни сақлашимиз ва тўпни назорат қилишимиз керак. Бу мавсумда «Барселона» кам гол ўтказиб юбормоқда.
Каталонияликлар — рақибга ўз ўйинини ўтказишга ҳаракат қиладиган жамоа. Хатолар сонини имкон қадар камайтиришимиз лозим, чунки улар ҳар қандай хатони жазолайди», — дея қўшимча қилди мутахассис.
Эслатиб ўтамиз, «Галатасарoй» — «Барселона» учрашуви 13 октябрдан 14 октябрга ўтар кечаси Тошкент вақти билан соат 00:00 да бошланади.
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади