«Барселона» ва Испания миллий жамоаси ҳимоячиси Пау Кубарси Миллатлар Лигаси доирасида Англияга қарши ўтказилган учрашув (2:3)да жароҳат олди.
19 ёшли футболчи Миллатлар Лигаси гуруҳ босқичининг 6-туридан ўрин олган баҳсда асосий таркибда майдонга тушди. Бироқ у танаффус вақтида алмаштирилди.
Иккинчи бўлим бошида Кубарсининг ўрнига Дин Ҳейсен ўйинга қўшилди. Учрашув Испаниянинг 2:3 ҳисобидаги мағлубияти билан якунланди.
Diario Sport нашри маълумотига кўра, Кубарси сон қисмида ноқулайлик ҳис қилган. Шу сабабли Испания миллий жамоаси бош мураббийи Луис де ла Фуэнте эҳтиёт чораси сифатида уни майдондан олишга қарор қилган.
Хабар қилинишича, ёш ҳимоячи «Барселона» ихтиёрига қайтгач, тиббий текширувдан ўтказилади. Шундан сўнг жароҳатнинг қай даражада жиддий экани ва футболчининг майдонга қайтиш муддатига ойдинлик киритилади.
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади