33 ёшли ҳужумчи Ромелу Лукаку Белгия миллий жамоасидаги фаолиятини якунлаганини эълон қилди. У ижтимоий тармоқларда ҳиссиётларга бой хайрлашув мактубини эълон қилди.
«16 йил. Шу 16 йил давомида миллий жамоа учун қўлимдан келган барча нарсани бердим… Эҳтимол, инсон ҳис қилиши мумкин бўлган барча туйғуларни бошдан кечирдим…
Ажойиб жамоадошлар билан бирга майдонга тушиш бахтига муяссар бўлдим. Улардан доимо миннатдор бўлиб қоламан. Уларнинг барчасига раҳмат айтмоқчиман…
Шунингдек, барча мураббийларга ҳам миннатдорчилик билдираман. Мени олға интилишга ундаганлари, ишонч билдирганлари ва жамоа манфаати учун ҳисса қўшишимга имкон берганлари учун раҳмат…
Бу ажойиб сафар бўлди ва унинг ҳар бир лаҳзасидан завқ олдим.
Белгия мухлисларига жамоамизга кўрсатган қўллаб-қувватловингиз учун раҳмат! Мамлакатим шарафини тўртта Жаҳон чемпионати ва учта Европа чемпионатида ҳимоя қилганимдан фахрланаман…
Бу лаҳзаларни ҳеч қачон унутмайман. Миллий жамоадаги фаолиятимни якунлашга қарор қилдим ва қалбим хотиржам. Бу ажойиб бўлди. Ҳаммаси жуда гўзал эди. Миннатдорман. Раҳмат!» — деб ёзди Лукаку ижтимоий тармоқларда.
Маълумот учун, ҳужумчи Белгия сафида 135 ўйинда 94 та гол ва 20 та ассистни ўз ҳисобига ёздириб қўйган, 2018 йилги мундиалда бронза медалини қўлга киритган. У миллий жамоаси тарихидаги энг яхши тўпурар саналади.
Лукаку 33 ёшида Белгия сафидаги фаолиятини якунлади
Футбол
16 ноябр, 05:27
Жамоанинг энг яхши тўпурари 16 йиллик фаолияти ҳақида хайрлашув мактубини эълон қилди.
Foto: Getty Images