Англиянинг «Манчестер Сити» клуби қишки трансфер ойнасида янги футболчиларни харид қилишдан воз кечиши мумкин. Бу ҳақда indykaila News хабар берди.
Маълум қилинишича, айни пайтда «шаҳарликлар»нинг трансфер режалари ҳақида маълумот олиш деярли имконсиз. Клубга яқин манбаларнинг барчаси бир хил жавоб бермоқда: «Клуб кейинги кўрсатмага қадар янги футболчиларни сотиб олмайди».
Қайд этилишича, бундай қарор «Манчестер Сити» атрофидаги молиявий қоидабузарликлар билан боғлиқ иш фонида қабул қилиниши мумкин. Ҳозирча клуб қишки трансфер режалари юзасидан расмий баёнот бермаган.
Аввалроқ клуб молиявий қоидаларни бузишда айблангани ҳақида хабар берилган эди. «Манчестер Сити» ўз навбатида айбловларга эътироз билдирган. Иш бўйича якуний қарор шу йил охиригача эълон қилиниши эҳтимоли паст баҳоланмоқда.
Агар клубга нисбатан энг оғир санкциялар қўлланса, «шаҳарликлар» катта миқдордаги очколардан маҳрум этилиши ёки ҳатто Чемпионшипга тушириб юборилиши мумкин.