Испания миллий жамоаси ҳимоячиси Педро Порро фаолиятини фақат «Барселона»да давом эттиришни истамоқда. Sport.es нашрининг хабар беришича, 27 ёшли футболчи фаолиятини давом эттириш учун бир нечта вариантга эга бўлса-да, «кўк-анорранглилар» сафига қўшилишни мақсад қилган.
Манбага кўра, Порро «Тоттенҳэм»ни тарк этишга қарор қилган ва келаси мавсумда Лондон клубида қолишни режалаштирмаяпти. Футболчи ўзининг ўйин услуби «Барселона» фалсафасига кўпроқ мос келади, деб ҳисоблайди.
Бироқ трансфер амалга ошиши учун «Тоттенҳэм» молиявий талабларини пасайтириши, Порронинг ўзи ҳам бу жараёнда ҳаракат қилиши керак бўлади. Лондон клуби испаниялик футболчини 70 млн евродан камига қўйиб юборишга тайёр эмас.
«Барселона» эса ҳимоячининг трансфер қийматини 50 млн евродан юқори деб ҳисобламаяпти. Шу сабабли каталонияликлар музокаралар айнан шу сумма атрофида бошланмагунча трансфер бўйича фаол ҳаракат қилишни режалаштирмаяпти.