«Бавария» бош мураббийи Венсан Компани Чемпионлар Лигаси умумий босқичининг 2-турида «Викинг» билан кечган 3:3 ҳисобидаги дурангдан сўнг жамоаси ўйинини таҳлил қилди. Унинг сўзларини Bayern & Germany нашри келтирмоқда.
Норвегия клуби 38-дақиқага келиб иккита гол фарқи билан олдинга чиқди. Бироқ иккинчи бўлимда мюнхенликлар ҳисобни ўзгартириб, олдинга ўтишга муваффақ бўлди. 74-дақиқада Майкл Олисе четлатилганидан сўнг «Бавария» бир киши кам бўлиб қолди, 90-дақиқада эса мезбонлар ҳисобни тенглаштирувчи голни урди.
«Айбдор тўлиқ ўзимизмиз. Дам олиш кунларидаги «Аугcбург»га қарши баҳсда бўлгани каби, бугун ҳам ўйинни назорат қилдик. Ижобий жиҳатларни ҳам кўрсатиш мумкин, ўйинимизнинг умумий сифати унчалик ёмон эмасди. Аммо диққатни йўқотиш ва айрим вазиятларда етарлича оқилона қарорлар қабул қилмаслик туфайли хатоларга йўл қўймоқдамиз.
«Аугcбург»га қарши баҳсда ўйин бошланганидан саккиз сония ўтиб гол ўтказдик, бугун эса бир ярим дақиқада шундай ҳолат юз берди. Бундан ташқари, рақибнинг деярли ҳар бир хавфли вазияти гол билан якунланаётгандек таассурот бор. Бироқ буларнинг ҳеч бири бизни оқламайди, чунки ўзимизни шундай вазиятларга солиб қўйяпмиз», — деди Компани.
Маълумот учун, «Бавария» бунгача Бундеслигада «Аугcбург» билан ҳам 2:2 ҳисобида дуранг ўйнаган эди.
Эслатиб ўтамиз, мюнхенликлар 17 октябр куни Германия чемпионати доирасида ўз майдонида «Лейпциг»ни қабул қилади.