Live
1
Ўзбек

«Нефтчи» халқаро майдондаги 60-учрашувини ўтказди

Футбол
13 октябр, 13:25
«Нефтчи» халқаро мусобақаларда ўтказган 60 учрашувининг 27 тасида ғалаба қозонган.
«Нефтчи» халқаро майдондаги 60-учрашувини ўтказди
Фото: Нефтчи ПФК

«Нефтчи» Элит Осиё Чемпионлар лигаси 2-турида Саудия Арабистонининг «Ан Наср»га қарши майдонга тушиб, ўз тарихидаги 60-халқаро учрашувини ўтказди.

12 октябр куни Ар Риёдда кечган баҳс 3:1 ҳисобида Саудия Арабистони вакили фойдасига якунланди. Натижадан қатъи назар, мазкур учрашув «Нефтчи»нинг халқаро мусобақалардаги фаолиятида муҳим тарихий кўрсаткич сифатида қайд этилди.

Беш хил халқаро мусобақада 60 та ўйин

«Нефтчи» шу пайтгача Осиё миқёсидаги бешта турли клуб мусобақасида иштирок этган.

Фарғоналиклар ОФК кубогида 16 та, Осиё кубок эгалари кубогида 2 та, Осиё клублар чемпионатида 17 та, Осиё Чемпионлар лигасида 23 та ҳамда Осиё Чемпионлар лигаси Элитасида 2 та учрашув ўтказган.

Шу тариқа, клубнинг халқаро майдондаги жами ўйинлари сони 60 тага етди.

27 та ғалаба ва 104 та гол

«Нефтчи» халқаро мусобақаларда ўтказган 60 учрашувининг 27 тасида ғалаба қозонган. 10 та баҳс дуранг билан якунланган бўлса, 23 учрашувда жамоа мағлубиятга учраган.

Фарғоналиклар ушбу ўйинларда рақиблар дарвозасига 104 та гол урган, ўз дарвозасидан эса 92 та тўп олиб чиққан.

Энг яхши кўрсаткич — Осиё клублар чемпионатида

Мусобақалар кесимида «Нефтчи» Осиё клублар чемпионатида 17 учрашув ўтказиб, 9 та ғалаба, 4 та дуранг ва 4 та мағлубият қайд этган.

ОФК кубогида жамоа 16 баҳсда 7 марта ғалаба қозонган, 5 учрашувда дуранг ўйнаган ва 4 марта имкониятни бой берган.

Осиё Чемпионлар лигасидаги 23 учрашувда эса «Нефтчи» 9 та ғалаба, 1 та дуранг ва 13 та мағлубият қайд этган.

Осиё кубок эгалари кубогида ўтказилган икки баҳснинг биттаси ғалаба, биттаси мағлубият билан тугаган.

Осиё Чемпионлар лигаси Элитасининг жорий мавсумида эса фарғоналиклар икки учрашувда бир ғалаба ва бир мағлубият қайд этди.

60 учрашув — икки мураббий қўл остида

«Нефтчи»нинг халқаро майдондаги 60 учрашуви икки мураббий бошчилигида ўтказилган.

Уларнинг 58 тасида жамоани клуб тарихидаги энг таниқли мутахассислардан бири Юрий Саркисян бошқарган. Яна икки учрашув эса амалдаги бош мураббий Исломбек Исмоилов қўл остида ўтказилди.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Нефтчи Нефтчи
Бугунги янгиликлар