Қирғизистон миллий жамоаси бош мураббийи Урматбек Абдукаимов 2027 йилги Осиё Кубогида яримфиналига чиқиш вазифасини қўйганини маълум қилди.
«Осиё Кубогидаги мақсадим — яримфиналга чиқиш. Мен учун яримфиналга етиб бориш яхши натижа бўлади. Аммо биринчи вазифа — гуруҳдан чиқиш. Кейин плей-оффда ҳар қандай ҳолат юз бериши мумкин. Агар футболчилар яхши жисмоний ҳолатда бўлса ва биз муносиб ўйин кўрсатсак, курашни давом эттирамиз», — деди мутахассис.
Маълумот учун, Абдукаимов 25 август куни Қирғизистон миллий жамоаси бош мураббийи этиб тайинланган. У бу лавозимда хорватиялик мутахассис Роберт Просинечкининг ўрнини эгаллади. Қирғизистон футбол иттифоқи янги мураббий олдига жамоани Осиё Кубоги-2027га тайёрлаш вазифасини қўйган.
Абдукаимов бошчилигида миллий жамоа ҳозиргача иккита ўртоқлик учрашувида майдонга тушиб, ҳар иккисида ҳам ғалаба қозонди. Мураббий учун илк ўйинда қирғизистонлик футболчилар Малдив оролларини 5:0 ҳисобида мағлуб этди. Кейинги баҳсда эса Ливанни 3:1 ҳисобида енгди. Ҳар икки учрашув Бишкек шаҳрида ўтказилиб, Осиё Кубогига тайёргарликнинг бир қисми бўлди.
Тайёргарликнинг кейинги босқичи ноябр ойидаги ФИФА кунларига режалаштирилган. Абдукаимовнинг айтишича, Қирғизистон миллий жамоаси Ветнам билан ўйнайди. Шундан сўнг футболчилар қисқа муддатли таътилга чиқади. Декабр ойида эса жамоа БААда ўқув-машғулот йиғини ўтказишни режалаштирган. Бош мураббийнинг маълум қилишича, тайёргарликнинг якуний босқичи январ ойи бошига қадар давом этади.
Осиё Кубоги-2027 Саудия Арабистонида 7 январдан 5 февралга қадар бўлиб ўтади. Қирғизистон миллий жамоаси C гуруҳида Эрон, Сурия ва Хитой билан баҳс олиб боради.
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади