«Интер» бош мураббийи Кристиан Киву Италия чемпионатининг 3-турида «Наполи» устидан қозонилган 3:2 ҳисобидаги ғалабани изоҳлади.
«Аввало, 0:2 ҳисобида ортда қолганимиздан кейинги реакциямизни таъкидламоқчиман. Ўйин бошида ўз фалсафамизга амал қилишни, жасорат билан ва сифатли ҳаракат қилишни хоҳлагандик. «Наполи» бизни босим остида қолдирди ва қарши ҳужумдан гол урди, бунда уларга икки марта рикошетлар ҳам ёрдам берди», — деди Киву.
Мураббийнинг сўзларига кўра, «Интер» ҳисобдаги ортда қолишдан кейин ўзини йўқотмаган ва қанотлардан фаол фойдаланишга ҳаракат қилган.
«Биз тарқаб кетмадик, темпни оширдик ва қанотлардан фойдаланишга ҳаракат қилдик. Майдонда юқори даражадаги футболчиларимиз бор эди. Ҳисоб 1:2 бўлганидан кейинги гол бизга қўшимча туртки берди ва таваккал қилишга қарор қилдик. Бу ўзини оқлади. 2:2 ҳисобидан кейин Италияда деярли ҳеч қачон кўрмайдиган ҳолатни кўрдик: жамоалар одатда дурангга рози бўлишади. Бу баҳс ҳар қандай натижа билан якунланиши мумкин эди», — дея қўшимча қилди Киву.
Маълумот учун, «Интер» 3-турдан сўнг 9 очко билан турнир жадвалида 1-ўринда бормоқда.