ЖЧ-2026 доирасида Ўзбекистон миллий жамоасини қўллаб-қувватлаш учун Мексикага ташриф буюрган мамлакатимиз спорт расмийлари ФИФА президенти Жанни Инфантино билан учрашди.

Foto: O'FA
«Ацтека» стадионида бўлиб ўтган самимий суҳбат давомида Инфантино Ўзбекистон миллий жамоасини жаҳон чемпионатидаги тарихий дебюти билан табриклади ва футболчиларимизга кейинги баҳсларда муваффақият тилади.
Ўз навбатида, Спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси, Миллий Паралимпия қўмитаси ҳамда Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбарияти ФИФА президентига эътибор ва қўллаб-қувватлов учун миннатдорлик билдирди.
Учрашув давомида Колумбияга қарши ўйин Ўзбекистон футболи тарихида муҳим воқеа бўлгани, ушбу баҳс миллий футбол ривожида янги босқични бошлаб бергани таъкидланди.

Foto: O'FA
Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси Колумбия футбол федерацияси президенти ва ФИФА Кенгаши аъзоси Рамон Хесурунни миллий жамоасининг ғалабаси билан табриклади.
Унга Ўзбекистон томонидан эсдалик совғаси топширилди.

Foto: O'FA
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий жамоаси ЖЧ-2026 гуруҳ босқичидаги илк учрашувда Колумбияга 1:3 ҳисобида имкониятни бой берган бўлса-да, Аббосбек Файзуллаев мамлакатимизнинг мундиаллар тарихидаги илк голига муаллифлик қилди.