«Барселона» дарвозабони Иняки Пеня ёзги трансфер ойнасида клубни тарк этишга яқин турибди. Бу ҳақда журналист Рожер Торелло хабар берди.
Манба маълумотига кўра, 27 ёшли посбон бош мураббий Ҳанс-Дитер Фликнинг режаларига кирмайди ва жамоанинг ёзги йиғинларида ҳам иштирок этмайди.
Каталония клуби футболчининг янги жамоа топишига ёрдам беришга тайёр. Ҳатто Пеня билан текинга хайрлашиш варианти ҳам кўриб чиқилмоқда. Бироқ бу ҳолатда «Барселона» кейинги трансфердан маълум фоиз олиш ҳуқуқини сақлаб қолмоқчи.
Қайд этилишича, Ла Лига клублари дарвозабонга қизиқиш билдирмоқда. Шунга қарамай, Пенянинг ўзи фаолиятини бошқа Европа чемпионатларидан бирида давом эттиришни афзал кўрмоқда.
Иняки Пеня «Барселона» академияси тарбияланувчиси ҳисобланади. У асосий жамоа сафида 45 та учрашувда майдонга тушиб, 64 та гол ўтказиб юборган ва 10 марта дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолган.
Ўтган мавсумни у ижара асосида «Элче» сафида ўтказди.
Дарвозабоннинг «Барселона» билан амалдаги шартномаси 2029 йилнинг ёзигача амал қилади.