Мадриднинг «Атлетико» клуби ҳужумчи Хулиан Алвареснинг трансфер нархи бўйича футбол бозорини ҳайратда қолдирди.
Тhe Mirror нашрининг хабар беришича, «матрасчилар» футболчига қизиқаётган барча клубларга, жумладан, «Арсенал»га ҳам Алварес фақат шартномасидаги 500 миллион евролик товон пули тўланган тақдирдагина жамоани тарк этишини маълум қилган.
Манбага кўра, клуб президенти Энрике Сересо аргентиналик ҳужумчини сақлаб қолиш тарафдори ва унинг келаси мавсум ҳам Мадридда қолишига ишонмоқда.
Қайд этилишича, Сересо аввалроқ Алваресни «Реал»га 150 миллион еврога сотиш таклифини ҳам рад этган. Клуб раҳбари бу ҳолатда ҳам футболчининг товон пули бандига ишора қилган.
26 ёшли Алварес 2025/26 йилги мавсумда юқори савиядаги ўйин намойиш этди. У барча мусобақаларда 49 та учрашувда майдонга тушиб, 20 та гол урди ва 9 та голли узатмани амалга оширди.
Шу сабабли ҳам «Атлетико» уни жамоанинг энг муҳим футболчиларидан бири сифатида кўрмоқда ва трансфер бозоридаги қизиқишларга қарамай, футболчини қўйиб юборишга шошилмаяпти.