Live
2
Ўзбек

Акмал Шораҳмедов: «Дуранг бўлса яхши бўларди, ютиш қийин эди»

Эксклюзив
18 июн, 10:58
Собиқ футболчи Ўзбекистон миллий жамоасининг Колумбияга қарши баҳси ҳақида фикр билдирди.
Иззатбек Абдуваҳобов
Иззатбек Абдуваҳобов Редактор
Акмал Шораҳмедов: «Дуранг бўлса яхши бўларди, ютиш қийин эди»
Фото: Андижон ПФК
17.06.2026 FT Жаҳон чемпионати Ўзбекистон Ўзбекистон 1 : 3 Колумбия Колумбия

Барчамиз кутиб яшаган Ўзбекистон – Колумбия ўртасидаги илк ўйин ҳам ортда қолди.

Мундиалдаги дебют ўйинимиз ва 1:3 ҳисобидаги мағлубият билан бошладик. Лекин футболчиларимизни танқид қилмаймиз, улар борларини бериб ўйнашди ва қўллаб-қувватлаймиз.

Олдинда яна иккита ўйинимиз бор. Шунчаки, бугунги учрашувдан кейин мутахассислар фикрлари жуда муҳим.

Шу боис миллий жамоамизнинг собиқ футболчиси, ҳозирда жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий сифатида ишлаётган Акмал Шораҳмедовни суҳбатга тортдик.

- Жаҳон чемпионатидаги илк ўйинимизни ўтказдик. Қандай таассурот қолди?

- Биринчи жаҳон чемпионати учун яхши ўйин ўтказдик, деб ўйлайман. Менимча, ўртамиёна жамоаларни кучли рақибларга қарши яхши ўйнаётгани, кеча Конгони Португалия билан дуранг қайд этгани, Испанияни ҳам ўз ўйинида дуранг натижа кўрсатгани қолган жамоаларга ҳам кучлилар билан ўйнаса бўлади, деган устунлик беряпти.

- Албатта, натижа ёқимсиз. Аммо ўйин картинасини оладиган бўлсак, сизга ўйинда ёққан ва ёқмаган жиҳатлар нимада бўлди?

- Футболда қанақа тактика қўллаганингдан ташқари ижрочилар ҳам жуда муҳим роль ўйнайди. Колумбиядаги ижрочилар юқори савияда бўлишгани учун гол ўтказиб қўйдик. Рақибда яққол устунлик бўлмади, деб ўйлайман. Уларда ҳам у қадар кўп имкониятлар бўлмади.

- Мағлубият учун асосий сабаб сифатида нимани айта оласиз?

- Асосий сабабга келадиган бўлсак, бу футбол. Биринчи голга тўхталсак, уларнинг ҳимоячиси кутилмаганда Ашурматовни олдидан чиқиб гол уриб кетди. Бундай нарсаларни қайтариб бўлмайди. Иккинчи голда тўпни олиб қўйишганидан сўнг жуда тез қарши ҳужумга ўтишди. Биз ютқазаётгандик ва очилишни бошлагандик. Рақиб бундан фойдаланди. Лекин бу табиий ҳолатда бўладиган голлар. Лекин учинчи голда, тўғри, Ўрозов хато қилиб қўйди. Тўпни олиб қўйишга ҳаракат қилди. Тўпни аутга чиқариб юбориш керак эди.

- Сиз учун энг яхши футболчи ким бўлди?

- Элдор Шомуродов, Аббос Файзуллаев, Беҳруз Каримов менда яхши таассурот қолдирди. Қолганлар ҳам яхши. Лекин айнан шу учаласи яхшироқ таассурот қолдиришди. Достон Ҳамдамов ҳам, Фарруҳ Сайфиев ҳам майдонга тушиб ўйинни кучайтиришди.

- Учрашув олдидан аслида қандай ўйин кутгандингиз?

- Дуранг бўлса яхши бўларди, деб тургандим. Ютиш қийин эди. Дуранг ўйнашимиз мумкин, деб ўйлагандим.

- Иккинчи турда Португалия билан ўйнаймиз. Энди қанақа ўйинни тасаввур қиляпсиз?

- Бундан олдинги интервюда ҳам айтгандим, биз учун энг қийини Конго билан бўлади. Колумбия, Португалия ўйинчилари гавда жиҳатидан бироз кичикроқ. Пастда ҳимоя қилганимизда кўп нарса ярата олишмайди, деб ўйлайман. Лекин Конгодаги жисмонан бақувват жамоа билан жуда қийин бўлади. Португалия ҳам бизга қарши катта тайёргарлик билан майдонга тушади. Биринчи навбатда яхши тикланиб олиб, кейинги ўйинга тайёрланиш керак. Португалияда ҳам Колумбия даражасидаги футболчилар.

- Иккинчи голга сабаб бўлган Шомуродовнинг хатоси қимматга тушди. Бу вазиятга нима дея оласиз?

- Шомуродовда катта хато дея олмайман. Колумбиянинг икки нафар футболчиси дарҳол прессинг қилди ва тўпни олиб қўйишди. Бунақа ҳолат ўйинда кўп бўлиб туради. Ҳужумчи учун бу нормал ҳолат.

- Таркиб ва захирадан туширилган ўйинчилар ҳаммаси тўғри бўлди, деб ўйлайсизми?

- Захирадан тушганлар тўғри бўлди ва барча яхши қўшилишди. Балки кейинги учрашувда шулардан кимдир асосий таркибда ҳам тушиши мумкин.

- Машариповни таркибдан чиқарилганига нима дейсиз?

- Олдин ҳам айтгандим, жаҳон чемпионатида барибир 16 тача ўйинчи иштирок этади. Кўпчилиги майдонга тушмайди. Жамоа етакчилари, жаҳон чемпионатига чиқишда катта ҳисса қўшган ўйинчилар жамоада бўлишга лойиқ. Шунча меҳнат босиб ўтишди. 26 талик рўйхатда бўлишини жуда хоҳлагандим.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Ўзбекистон Ўзбекистон
  • Колумбия Колумбия
  • Жаҳон чемпионати Жаҳон чемпионати
Бугунги янгиликлар