Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро La Gazzetta dello Sport нашрига берган интервюсида Абдуқодир Ҳусанов ҳақида фикр билдирди.
Италиялик мутахассис жаҳон чемпионати вақтида ван Дейк билан суҳбатлашганини ва нидерландиялик ҳимоячи Италия чемпионатида ўйнаш истагини билдирганини айтди. Каннаваронинг фикрича, жисмоний куч ва тезликка эга футболчини «Милан» сафида кўриш қизиқарли бўларди.
Шунингдек, мутахассис 2006 йилда қўлга киритган «Олтин тўп» соврини ҳақида гапирди. Унинг фикрича, Зинедин Зидан финалда Марко Матерацига бош билан зарба бермаганида, ушбу совринни қўлга киритиши анча қийин бўларди. Ҳозирги ҳимоячилар орасида эса «Барселона» вакили Пау Кубарсини «Олтин тўп»га даъвогар сифатида кўрмоқда.
Каннаваро Ўзбекистон миллий жамоасидаги шогирди Абдуқодир Ҳусановнинг имкониятларини ҳам алоҳида эътироф этди.
«Унда ажойиб жисмоний имкониятлар бор, аммо у ҳали сайқалланиши керак бўлган олмос. Доим соатига 300 километр тезликда ҳаракат қилади. Баъзида тўпни олиб қўяди, баъзида эса кечикиб, ҳатто қанот ҳакамини ҳам уриб юборади. Бу нормал ҳолат, бунинг устида ишлашимиз керак», — деди мураббий.
Италия миллий жамоаси ҳақида гапирар экан, Каннаваро кўп гол ўтказиб юбориш муаммоси алоҳида ҳимоячиларнинг хатолари билан эмас, балки жамоавий прессинг ва тўпни қайтариб олиш тизимидаги камчиликлар билан боғлиқлигини таъкидлади.
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади