Аргентина миллий жамоаси бош мураббийи Лионел Скалони кўплаб футболчи ва мураббийлар сингари футболдан ташқари бошқа спорт турларига ҳам қизиқади. Хусусан, аргентиналик мутахассис велоспорт билан мунтазам шуғулланиб келади.
Яқинда Скалони ушбу спорт турида жиддий муваффақиятга эришиб, келаси йили ўтказиладиган жаҳон чемпионатида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Аргентина миллий жамоаси бош мураббийи ўз ватанида ташкил этилган Gran Fondo Siete Lagos велопойгасида иштирок этди. У 110 километрлик масофани 2 соат 51 дақиқа 54 сонияда босиб ўтди.
Ушбу натижа Скалонига 45-49 ёш тоифасидаги эркаклар ўртасида 3-ўринни эгаллаш имконини берди.
Шу тариқа, аргентиналик мутахассис 2027 йилда Францияда бўлиб ўтадиган велоспорт бўйича жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритди.
Аввалроқ Скалони Аргентина миллий жамоаси билан шартномасини узайтиргани маълум қилинганди.