Франция миллий жамоаси футболчилари ва мамлакат футбол федерацияси 2026 йилги Жаҳон чемпионатидаги эҳтимолий чемпионлик учун бериладиган мукофот пуллари борасида келишувга эришди. Бу ҳақда RTL журналисти Филипп Санфорш маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Франция футбол федерацияси (FFF) ва футболчилар ўртасидаги музокаралар мураккаб кечган. Муҳокамалар давомида нафақат бонуслар, балки футболчилар оила аъзолари учун ажратиладиган чипталар сони масаласи ҳам кўриб чиқилган.
«Франция футбол федерацияси ва футболчилар Жаҳон чемпионатидаги ғалаба учун бонуслар борасида якуний келишувга эришди. Музокаралар мураккаб кечди, аммо томонлар Бостон шаҳрига етиб боришидан олдин барча масалаларни ҳал қилди», — деб ёзди Санфорш ижтимоий тармоқларда.
Қайд этилишича, бонусларнинг аниқ миқдори ҳозирча ошкор этилмаган.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йилги Жаҳон чемпионати бугун, 11 июн куни старт олади. Турнирнинг очилиш баҳсида Мексика ва Жанубий Африка миллий жамоалари ўзаро тўқнаш келади.
Маълумот учун, Франция миллий жамоаси мундиалнинг I гуруҳида Сенегал, Ироқ ва Норвегия жамоаларига қарши баҳс олиб боради.