Франция миллий жамоаси ҳужумчиси Килиан Мбаппе 2026 йилги Жаҳон чемпионатидаги асосий мақсад ҳақида гапирди.
Юлдуз футболчининг таъкидлашича, французлар мундиалга фақат бош совринни қўлга киритиш учун йўл олмоқда.
«Мақсад — Жаҳон чемпионатида ғолиб бўлиш. Яримфинал ҳақида гапиришни тушунмайман.
Агар мақсад ярим финалга чиқиш бўлса, унда у ерга етганимиздан кейин қўлларимизни тушириб, уйга қайтишимиз керакми? Йўқ!
Мақсад — Жаҳон чемпионлигини қўлга киритиш. Бу ҳар бир футболчининг орзуси. Турнирга келаётган барча жамоалар ғалаба қозонишни истайди.
Агар Франция яримфиналга чиқса, биз мақсадимизга эришдик деб айтмаймиз», — деди Мбаппе.
Эслатиб ўтамиз, Франция миллий жамоаси 2022 йилги Жаҳон чемпионатида финалга қадар етиб борганди.
Маълумот учун, французлар 2026 йилги мундиалнинг I гуруҳида Сенегал, Ироқ ва Норвегия миллий жамоаларига қарши баҳс олиб боради.