«Манчестер Юнайтед» собиқ ҳимоячиси Рио Фердинанд Англия миллий жамоаси яримҳимоячиси Эллиот Андерсонни жаҳон чемпионати 1/4 финал доирасидаги Норвегияга қарши баҳснинг (2:1) энг яхши ўйинчиси деб ҳисобламоқда.
Маълумот учун, ФИФА ўйиннинг энг яхши футболчисига аталган соврин шу кеча дубл қайд этган Жуд Беллингҳемга топширди.
«Ҳа, мен Андерсонни айтган бўлардим. Менимча, Эллиот Андерсон ажойиб ўйин ўтказди. Уларнинг ҳар иккиси, Андерсон ҳам, Беллингҳем ҳам, амалга оширган ишлар йиғиндиси бўлмаганида, балки ғалаба қозонмаган бўлардик. Аммо қулоқ солинг: агарда Жуд энг яхши футболчига аталган совринни олган бўлса, демак, у шунга лойиқ. У ғалаба олиб келувчи фигуралардан бири», — дея Фердинанд сўзларидан иқтибос келтирди Metro.
Эслатиб ўтамиз, ЖЧ-2026 яримфиналида инглизлар Аргентина миллий жамоасига қарши майдонга тушади. Мазкур беллашув 15 июл куни тунда Атлантадаги «Мерседес-Бенц Стэдиум» ўйингоҳида бўлиб ўтади.