Франция миллий жамоаси бош мураббийи Диде Дешам 2026 йилги Жаҳон чемпионати олдидан жамоа таркиби ҳақида фикр билдирди.
Мутахассиснинг таъкидлашича, жамоада индивидуал маҳорати юқори бўлган футболчилар кўп, бироқ айрим ўйинчиларда йирик турнирлар тажрибаси етарли эмас.
«Индивидуал маҳорат ҳақида гапирадиган бўлсак, бизда жуда кўп кучли футболчилар бор ва танлов имконияти кенг. 2026 йилдаги ягона кичик камчилик шундаки, 2018 йилги жамоада бўлган футболчилар 2014 ва 2016 йиллардаги мусобақалар тажрибасига эга эди. Ҳозир эса таркибимизда йирик турнирларда кам иштирок этган ёш футболчилар кўп.
Улар бу футболкани кийганида катта масъулиятни ҳис қилади. Бу уларни ўз ҳаракатлари учун жавоб беришга ва яхши ўйнашга ундайди. Мен 14 йил аввал ҳам уларга шуни айтгандим: «Франция миллий жамоасига келганингизда бу ерга олиш учун эмас, бериш учун келасиз», — деди Дешам FIFА расмий сайтига.
Эслатиб ўтамиз, Диде Дешам бошқарувидаги Франция миллий жамоаси 2018 йилги Жаҳон чемпионатида ғолиб чиққан эди.
Маълумот учун, Франция миллий жамоаси 2026 йилги Жаҳон чемпионатида Норвегия, Сенегал ва Ироқ билан бир гуруҳдан жой олган.