Франция миллий жамоаси бош мураббийи Зинедин Зидан Миллатлар лигаси гуруҳ босқичининг 6-тури доирасида Туркияга қарши баҳс олдидан Италиядан учралган 1:3 ҳисобидаги мағлубиятдан кейин ваҳимага тушмаслик кераклигини таъкидлади. RMC Sport мураббий сўзларини келтирмоқда.
«Менимча, бу футболчилар бундай баҳсларда қатнашишга одатланган. Менинг уларга доимий мурожаатим бир хил: нима бўлишидан қатъи назар — яхши ёки унчалик яхши бўлмаган вазиятларда ҳам — ижобий кайфиятни сақлаш керак. Фаолият давомида қийин даврлар, мағлубиятлар ҳам бўлиши муқаррар.
Булар ёш футболчилар, улар бундай вазиятларни бошдан кечириши керак. Мен ваҳимага тушмайман ва тушмоқчи ҳам эмасман. Улар катта клубларда ўйнаб, шунга ўхшаш ҳолатларга дуч келишга одатланган. Италия билан баҳсдан уч кун ўтиб яна бир ўйин борлиги яхши — бу ҳаммасини ўзгартириш имконияти. Футболнинг гўзаллиги ҳам шунда: бошқа нарсага қодир эканимизни исботлашимиз мумкин.
Килиан Мбаппени, сардоримизни яна кўриб турганимдан хурсандман. У одатдаги тартибда машғулот ўтказади, ҳаммаси жойида», — деди Зидан.
Маълумот учун, Франция миллий жамоаси гуруҳда иккинчи ўринда бормоқда. Чоракфиналга чиқиш учун жамоага Туркияга қарши баҳсда мағлуб бўлмаслик кифоя.
Франция ва Туркия ўртасидаги беллашув 15 ноябр куни Тошкент вақти билан 00:45 да бошланади.
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади