«Барселона» вингери Ламин Ямал жароҳатдан тикланиш жараёнида муҳим босқичга ўтди — у яна майдонда машғулотларни бошлади. Бу ҳақда Cadena CER хабар берди.
Маълумотларга кўра, 18 ёшли футболчи дастлабки реабилитация босқичини спорт залида ўтказган бўлса, эндиликда индивидуал тарзда яшил майдонда шуғулланмоқда. У 22 апрел куни чап оёғидаги мушак қисман узилиши туфайли сафдан чиққанди.
«Барселона» футболчини операциясиз даволаш йўлини танлаган. Шу сабаб Ямал ушбу мавсум якунига қадар клуб сафида майдонга тушмайди. Бироқ унинг майдонга қайтгани Испания миллий жамоаси учун ижобий сигнал бўлди.
Испания бош мураббийи Луис де ла Фуэнте Ямалдан 2026 йилги жаҳон чемпионатида фойдаланишга умид қилмоқда.
«Бундай футболчилар жуда муҳим. Биз ҳар бир ҳолатни алоҳида баҳолаймиз, мақсад — финалга қадар етиб бориш», - деди испанлар устози.
Мутахассис Дани Олмонинг Евро-2024 олдидан жароҳат билан келиб, кейинчалик турнир етакчисига айланганини ҳам мисол сифатида келтирди.
Шу тариқа, Ямалнинг тикланиши «қизил фурия» учун мундиал олдидан катта умид уйғотмоқда.