Кабо-Верде футбол тарихида илк бор Жаҳон чемпионатининг плей-офф босқичига йўл олди. Атлантика океанидаги орол давлати гуруҳ босқичини муваффақиятли якунлаб, 1/16 финалда амалдаги чемпион Аргентина билан баҳс олиб борадиган бўлди.
Кабо-Верде H гуруҳидаги сўнгги беллашувда Саудия Арабистони билан 0:0 ҳисобида дуранг ўйнади. Баҳсдан сўнг футболчилар Испаниянинг Уругвай устидан қозонган ғалабасини телефон орқали кузатишди ва айнан шу натижа уларни гуруҳда иккинчи ўринга олиб чиқди. Кабо-Верде гуруҳ босқичида мағлубиятсиз қатнашиб, Испания билан 0:0, Уругвай билан эса 2:2 ҳисобидаги дурангларни қайд этди.
Жамоанинг 40 ёшли дарвозабони ва сардори Возиня тарихий муваффақият ҳамда Лионел Месси бошчилигидаги Аргентина билан бўлажак баҳс ҳақида ўз фикрларини билдирди. Унинг сўзларини Goal келтирди.
«Ҳеч биримиз бундай натижани орзу қилмагандик. Аммо биз сифатли футболчиларга эга эканимизни билардик. Жаҳон чемпионатига келганимизда кўпчилик биз бирорта ҳам баҳсда ғалаба қозона олмайди деб ўйлаганди. Кейинги босқичга чиққанимиздан жуда хурсандмиз. Аргентина ва Лионел Мессига қарши ўйнаш эса ҳар қандай футболчи учун орзудир.
Биз дуранг учун майдонга тушмадик, доим ғалаба қозонишни истадик. Саудия Арабистони ҳам кучли жамоа. Гарчи гол ура олмаган бўлсак-да, тўп назорати ва яратилган вазиятлар бўйича устун эдик. Шу сабаб табрикка лойиқмиз», — деди Возиня.
Шунингдек, тажрибали дарвозабон ушбу натижа Кабо-Верде футболи учун катта туртки бўлишига ишонишини таъкидлади.
«Биз кичик давлатмиз, аммо рақобатлаша олишни биламиз. Кўпчилик Кабо-Верде футболчилари етарлича кучли эмас деб ўйлайди. Биз эса йирик мусобақаларда ҳам муносиб кураша олишимизни исботладик.
Оғир шароитларда улғайганмиз, ота-оналаримиз ва боболаримиз бизни меҳнатни қадрлашга ўргатган. Энди эса нафақат футболчиларни, балки дунё бўйлаб яшаётган барча Кабо-Верде халқини намоён этмоқдамиз. Бизнинг юрагимиз катта ва биз курашчилармиз.
Болаларнинг бизга ҳавас билан қараши сўз билан ифодалаб бўлмайдиган туйғу. Умид қиламанки, энди улар Стопира, Раян Мендеш ёки Кабо-Верде миллий жамоасининг бошқа футболчилари каби бўлишни орзу қилишади», — дея қўшимча қилди Возиня.