Англия миллий жамоаси бош мураббийи Томас Тухел Жаҳон чемпионати L гуруҳи 3-туридан ўрин олган Панама билан бўлажак баҳс олдидан жамоа таркиби ҳақида маълумот берди. Унинг сўзларини Sky Sports келтирди.
Тухел Деклан Райснинг битта сариқ карточка олган тақдирда дисквалификация хавфи остида экани ҳақида ҳам фикр билдирди.
«Бу Деклан Райснинг майдонга тушиши борасидаги қароримизга таъсир қиладими? Ҳа ҳам, йўқ ҳам. У бундай вазиятни бошқариш учун етарлича тажрибага эга. Албатта, биз буни ҳисобга оламиз. Агар у асосий таркибда майдонга тушса, мен одатда уни майдонда кўришни истайман ва у бу вазифани уддалайди.
Эллиот Андерсон тўлиқ машғулот ўтказди. Деклан Райс ҳам тўлиқ машғулотларда қатнашди. Гана билан баҳсдан кейин уларда кичик ноқулайликлар бор эди, аммо тикланиш учун етарли вақт бўлди. Рис Жеймсдан ташқари барча футболчилар ўйнашга тайёр. Якуний қарорни кейинроқ қабул қиламиз», — деди Тухел.
2-турдан сўнг Англия миллий жамоаси 4 очко билан L гуруҳи пешқадами бўлиб турибди. Гана ҳам 4 очкога эга, аммо қўшимча кўрсаткичларга кўра иккинчи ўринда бормоқда. Хорватия 3 очко билан учинчи, Панама эса очкосиз ҳолда сўнгги поғонани эгаллаб турибди. Англия ва Панама ўртасидаги баҳс 28 июн куни бўлиб ўтади.