Ўзбекистон миллий жамоаси ва «Манчестер Сити» ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов ЖЧ–2026 иштирокчиси бўлган 48 мамлакат футболчилари орасидаги энг юқори даромад топувчи ўйинчилар рейтингига киритилди. Бу ҳақда Forbes Sport нашри хабар берди.
Қайд этилишича, Ҳусанов мазкур рейтингда 38-ўринни эгаллаган. Бу борада у ягона ўзбекистонлик футболчи бўлган.
Абдуқодирнинг бир йиллик умумий даромади 6,2 миллион долларни ташкил этади. Шундан 5 миллион доллари маош ва футбол фаолиятидан тушадиган даромад бўлса, яна 1,2 миллион доллар реклама шартномалари, тижорат лойиҳалари ҳамда бошқа манбалар ҳиссасига тўғри келади.
Рейтингда биринчи ўринни 280 миллион доллар йиллик даромад билан Криштиану Роналду эгаллаган. Иккинчи поғонадан 130 миллион доллар билан Лионел Месси ўрин олган бўлса, кучли учликни 95 миллион доллар даромадга эга Килиан Мбаппе якунлаб берган.