1978 йилги жаҳон чемпиони Марио Кемпес Лионел Мессининг ЖЧ-2026даги ўйини ҳақида ўз фикрларини билдирди.
«Бу ақл бовар қилмайдиган даражада. Ҳеч ким бундай натижани кутмаганди. Кўпчилик Месси ва Скалони унинг майдонда қанча вақт ўйнашини биргаликда ҳал қилади, деб ўйлаганди. Аммо у ўзиникиларни ҳам, рақибларни ҳам ҳайратда қолдирди. Икки ўйинда бешта гол уриш ва буни 39 ёшда амалга ошириш — бу кутилмаган натижа.
Уни тасвирлашга сўз топиш қийин. Месси яна Аргентинани энг яхши тарзда намойиш этмоқда. Бундан ташқари, у майдонда ажойиб характерга эга. Ўйинни мукаммал ўқийди, вазиятларни совуққонлик билан якунлайди ва жамоа, айниқса голлар борасида, ҳануз кўп жиҳатдан унга таянади», — деди Кемпес.
Афсонавий ҳужумчи Мессининг муваффақияти сири ҳақида ҳам фикр билдирди.
«У ҳар қачонгидан ҳам тетик кўринмоқда. Турнирга улкан иштиёқ билан келди ва вазиятлардан жуда самарали фойдаланмоқда. Месси аввалгидек кўп югурмайди, аммо ўйинни ажойиб ўқийди. У доимо қаерда бўлиши кераклигини билади ва рақиблар йўқ ҳудудни топа олади», — дея қўшимча қилди Кемпес.