«Тоттенҳэм» раҳбарияти бош мураббий Роберто Де Зербини истеъфога чиқаришни режалаштирмаяпти. Бу ҳақда ТEАМtalk нашри хабар бермоқда.
Манба маълумотига кўра, Англия Премер-лигасининг дастлабки олти турида атиги уч очко жамғарганига қарамай, клубда Де Зерби жамоа олдига қўйилган мақсадларни амалга ошириш учун муносиб мураббий деб ҳисобланмоқда. Раҳбарият натижалар яхшиланишига умид қилмоқда. Италиялик мутахассиснинг ўзи ҳам фаолиятини давом эттириш ниятида. Манбага кўра, унинг ўз хоҳиши билан жамоани тарк этишидан хавотир йўқ.
Ёзги трансфер ойнасида «Тоттенҳэм» таркибни кучайтириш учун катта маблағ сарфлаган. Шу сабабли клуб мураббийга ўз ғояларини амалга ошириш ва натижаларни яхшилаш учун вақт бермоқчи.
Де Зербининг ўтган мавсум охиридаги фаолияти ҳам ҳисобга олинмоқда. У март ойи охирида, жамоа Премер-лигадаги ўрнини сақлаб қолиш учун курашаётган пайтда бош мураббий этиб тайинланган ва «Тоттенҳэм»нинг юқори дивизионда қолишига ёрдам берган.
Эслатиб ўтамиз, «Тоттенҳэм» навбатдаги баҳсида «Манчестер Юнайтед» билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади.