Мадриднинг «Реал» клуби вингери Винисиус Жуниор «Барселона»га қарши баҳсни дисквалификация сабабли ўтказиб юборишга мажбур бўлиши мумкин.
Шанба, 10 октябр куни Ла Лига 8-тури доирасидаги «Вилярреал» билан ўйинда Жуниор тўғридан-тўғри қизил карточкага лойиқ деб топилди. 26 ёшли футболчи 71-дақиқада гол урди, аммо ундан бироз аввал рақибининг сочидан ушлаб қолган. Рефери вазиятни такроран томоша қилиш учун монитор олдига борди ва ўйин қоидаси бузилган деб ҳисоблаб, голни бекор қилди ва Винисиусни майдондан четлатди. Энди футболчи 25 октябр куни Ла Лига 10-тури доирасида бўлиб ўтадиган «Барселона»га қарши ўйинни ўтказиб юборишга мажбур бўлиши мумкин. Ҳозирча «қаймоқранглилар» юлдузи нечта ўйинга дисквалификация қилиниши номаълум.
Маълумот учун, 9-турда Жозе Моуринио шогирдлари 18 октябр куни ўз майдонида «Севиля»ни меҳмон қилади ва Винисиус ушбу баҳсни ўтказиб юбориши аниқ. Вазият фақатгина ҳакамнинг қарори буткул нотўғри деб топилган тақдирдагина ўзгариши мумкин.