Октябрь ойининг иккинчи ҳафтасида футбол мухлисларини бир қатор қизиқарли ва муросасиз учрашувлар кутмоқда. Англия Премер-лигаси, Ла Лига, А Серия ва Саудия Арабистони чемпионатидаги марказий баҳслар эса алоҳида эътиборга лойиқ. Қуйида энг муҳим баҳслар ва улар атрофидаги асосий интригалар билан танишамиз.
АПЛ. 6-тур
10 октябр (шанба)
«Арсенал» — «Лидс»
Бошланиш вақти: 16:30

«Арсенал»нинг «Брайтон»га 0:3 ҳисобидаги мағлубияти жамоа учун жиддий огоҳлантириш бўлди. Бунга қадар чемпионатда очко йўқотмаган лондонликлар энди ўз кучини яна бир бор исботлаши керак.
Бироқ «Лидс»ни осон рақиб деб бўлмайди. Жамоа Премер-лигада мағлубиятсиз сериясини давом эттирмоқда ва «Арсенал» учун жиддий қаршилик кўрсатиши мумкин.
Шу билан бирга, тарихий статистика мезбонлар фойдасига ишлаяпти: Микель Артета қўл остидаги «Арсенал» «Лидс»ни ўз майдонида ўтказилган олтита учрашувнинг барчасида мағлуб этган. Бу сафар ҳам ушбу анъана давом этадими?
АПЛ. 6-тур
10 октябр (шанба)
«Манчестер Юнайтед» — «Тоттенҳэм»
Бошланиш вақти: 21:30

Англиянинг икки машҳур клуби мавсумни кутилганидек бошлай олмаяпти. «Тоттенҳэм» АПЛда ниҳоят гол уришга эришган бўлса-да, «Астон Вилла»га 2:3 ҳисобида мағлуб бўлди ва турнир жадвалининг сўнгги поғонасига тушиб қолди. Ёзги трансферлардан кейин жамоадан катта натижалар кутилганини ҳисобга олсак, бу ҳолат янада ҳайратланарли.
«Манчестер Юнайтед»нинг аҳволи ҳам мақтанарли эмас. Чемпионатда атиги бир ғалабага эришган манкунианликлар барқарор ўйин кўрсатишда қийналмоқда. Бунинг устига, бир нечта футболчининг жароҳат олиши жамоа муаммоларини янада кучайтирди. Икки клуб ҳам вазиятни ўнглашга муҳтож. Шу боис мазкур учрашув нафақат уч очко, балки жамоаларнинг руҳий ҳолати учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Ла Лига. 8-тур
10 октябр (шанба)
«Барселона» — «Хетафе»
Бошланиш вақти: 21:30

«Барселона» мавсумни жуда кучли бошлади. Жамоа дастлабки саккизта учрашувнинг барчасида ғалаба қозониб, рақиблар дарвозасига 36 та гол урди ва ўз дарвозасидан 8 та тўп олиб чиқди.
Рафинянинг самарали ўйини ҳам каталонияликлар муваффақиятида муҳим ўрин тутмоқда. Бразилиялик футболчи жамоанинг энг хавфли ҳужумчиларидан бирига айланган.
«Хетафе» эса ҳужумдаги самарадорлик борасида муаммоларга дуч келмоқда. Жамоа чемпионатнинг дастлабки етти турида бирорта ўйинда иккитадан кўп гол ура олмаган.
Қолаверса, «Хетафе»нинг «Барселона» майдонидаги натижалари ҳам омадли эмас. Меҳмонлар охирги марта 2018 йил феврал ойида каталонияликларга қарши сафарда мағлуб бўлмаган. Бу сафар кутилмаган натижа қайд этиладими ёки «Барселона» ғалабали сериясини давом эттирадими?
Саудия Пролигаси. 8-тур
10 октябр (шанба)
«Ал Ҳилол» — «Ал Иттиҳод»
Бошланиш вақти: 23:00

Саудия Арабистони чемпионатида ҳам эътиборга молик қарама-қаршилик бўлиб ўтади. «Ал Ҳилол» ва «Ал Иттиҳод» мавсумни муваффақиятли бошлаган ва юқори ўринлар учун кураш олиб бормоқда.
Икки жамоа таркибида ҳам номдор футболчилар бор. «Ал Ҳилол» сафида Калиду Кулибали, Тео Эрнандес, Олли Уоткинс ва Габриэл Мартинелли каби футболчилар ҳаракат қилса, Жидда клуби таркибида Жоржинио Вейналдум, Стивен Бергвейн ва Юссеф Он Носири бор.
Дастлабки етти турда икки жамоа жами 11 та ғалабага эришган. Айниқса, «Ал Иттиҳод»нинг ҳозиргача мағлубиятга учрамагани эътиборга лойиқ.
Бу баҳсда нафақат турнир жадвалидаги ўринлар, балки чемпионлик учун курашдаги устунлик ҳам ўртага қўйилади.
Ла Лига. 8-тур
10 октябр (шанба)
«Реал» — «Вилярреал»
Бошланиш вақти: 23:59

«Реал»ни муҳим учрашувлар олдидан бир қатор муаммолар безовта қилмоқда. Килиан Мбаппенинг Франция миллий жамоаси сафида жароҳат олгани, Винисиус Жуниорнинг гол уришда қийналаётгани ва ҳимоядаги йўқотишлар жамоанинг имкониятларига таъсир қилиши мумкин.
Марказий ҳимояда ҳам вазият осон эмас: асосий футболчиларнинг тайёргарлиги ва жисмоний ҳолати борасида саволлар бор. Олдинда эса «Вилярреал», «Рома», «Севиля», «Лейпциг» ва «Барселона»га қарши муҳим баҳслар турибди.
Шундай шароитда «Вилярреал»га қарши ўйин «Реал» учун жиддий синов бўлади. Мадридликлар муаммоларга қарамай ғалаба қозона оладими ёки рақиб вазиятдан фойдаланадими?
А Серия. 6-тур
11 октябр (якшанба)
«Комо» — «Рома»
Бошланиш вақти: 15:30

«Рома» Италия чемпионатининг дастлабки турларида ишончли ўйин кўрсатиб, турнир жадвалида пешқадамлик қилмоқда. Жамоа 2014/15 йилги мавсумдан бери биринчи марта чемпионатнинг дастлабки бешта турини мағлубиятсиз ўтказди.
Римликларнинг ҳужум чизиғи ҳам самарали ҳаракат қилмоқда. Мален голлар уриш борасида етакчилардан бири бўлса, Дибала голли вазиятлар яратишда жамоанинг муҳим фигураси ҳисобланади.
Бироқ «Комо»ни ҳам эътибордан четда қолдириб бўлмайди. Икки жамоа ўртасидаги аввалги тўртта учрашувнинг барчасида мезбонлар ғалаба қозонган.
Бу қизиқарли анъана яна такрорланадими? Сеск Фабрегас шогирдлари ўз майдонида «Рома»га муносиб қаршилик кўрсата оладими? Учрашувнинг асосий саволлари шулардан иборат.
АПЛ. 6-тур
11 октябр (якшанба)
«Ливерпуль» — «Манчестер Сити»
Бошланиш вақти: 20:30

«Ливерпул» ва «Манчестер Сити» ўртасидаги учрашув сўнгги йилларда Англия футболидаги энг кутилган баҳслардан бирига айланди. Энди жамоаларни Юрген Клопп ва Пеп Гвардиола ўртасидаги рақобат бирлаштирмаса-да, бу қарама-қаршилик ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ.
«Ливерпул» Андони Ираола қўл остида кўпроқ дуранг ўйнаётган бўлса-да, ҳозирча мағлубиятга учрамаяпти. «Манчестер Сити» эса Энцо Мареска бошчилигида ғалабаларни қўлга киритмоқда.
Бироқ манчестерликлар атрофидаги молиявий қоидаларни бузишга оид айбловлар жамоага қўшимча босим ўтказиши мумкин. Бундай вазиятда футболчиларнинг руҳий ҳолати ва майдондаги ҳаракатлари катта аҳамият касб этади.
Икки жамоа ўртасидаги баҳс нафақат очколар, балки кучлар нисбатини аниқлаш нуқтаи назаридан ҳам муҳим. Абдуқодир Ҳусанов майдонга тушишига умид қилиб қоламиз. Италиялик мутахассис ўзбекистонлик ҳимоячига мана шундай муҳим баҳсда имконият бериши мумкин.
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади