Криштиану Роналду профессионал фаолиятидаги 1000-голни уришга яқин турибди. Yevrofutbol.ru нашри португалиялик футболчининг расмий ўйинлардаги голлари статистикасини таҳлил қилиб, тарихий натижага қачон эришиши мумкинлигини тахмин қилди.
Роналду профессионал фаолиятидаги илк голини 2002 йил 7 октябр куни «Спортинг» сафида «Морейренсе»га қарши баҳсда урган. Ўша ўйинда у дубл қайд этиб, сермаҳсул фаолиятига асос солган.
Роналду клублар ва миллий жамоа сафида урган голлари:
«Спортинг» — 31 баҳсда 5 та гол (2002–2003).
«Манчестер Юнайтед» — 292 баҳсда 118 та гол (2003–2009).
«Реал» — 438 баҳсда 450 та гол (2009–2018).
«Ювентус» — 134 баҳсда 101 та гол (2018–2021).
«Манчестер Юнайтед» — 54 баҳсда 27 та гол (2021–2022).
«Ан Наср» — тахминан 154 баҳсда 133 та гол (2023 йилдан ҳозиргача).
Португалия миллий жамоаси — 234 баҳсда 146 та гол.
Ушбу рақамлар расмий ўйинлардаги голларни қамраб олади. Нашр қайд этишича, Роналду ўртоқлик баҳсларида ҳам яна 56 та гол урган. Бироқ 1000 та расмий гол маррасига етиш учун айнан расмий учрашувлардаги натижалар ҳисобга олинади.
Португалиялик футболчи энг сермаҳсул даврини Мадриднинг «Реал» клубида ўтказган. У ушбу жамоа сафида ҳар бир баҳсга ўртача 1,03 тадан гол урган. Шунингдек, миллий жамоа сафидаги 146 та голи билан халқаро футбол тарихидаги энг яхши тўпурар ҳисобланади.
1000-гол қачон урилиши мумкин?
Роналду «Ан Наср» сафида ҳар мавсум камида 30 та гол уриб келмоқда. Саудия Арабистони клубидаги ўртача натижадорлиги ҳар бир баҳсга 0,86 та голни ташкил этади. Ушбу кўрсаткичдан келиб чиқилса, ҳужумчига навбатдаги 20 та голни уриш учун тахминан 23–24 та тўлиқ баҳс керак бўлади.
Нашр ҳисоб-китобларига кўра, Роналду тарихий маррага 2026 йилнинг сўнгги ўйинларидан бирида ёки 2027 йил бошида етиши мумкин. «Ан Наср»нинг 2026 йилдаги сўнгги баҳси 14 декабрга белгиланган, кейинги муҳим тахминий сана эса 2027 йил 9 феврал. Бу ҳужумчининг 42 ёшга тўлиши арафасига тўғри келади.
Шунга қарамай, 1000-гол айнан қайси санада урилишини олдиндан аниқ айтиб бўлмайди. Барчаси футболчининг натижадорлиги, майдонга тушадиган ўйинлари ва жароҳатлардан қай даражада ҳимояланишига боғлиқ.
Эслатиб ўтамиз, Роналду 2027 йил февралида 42 ёшга тўлади. Португалиялик ҳужумчи фаолиятини якунлашга тайёрлигини билдирган бўлса-да, 1000 та расмий гол уриш мақсади унинг олдидаги асосий вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.