Журналист ва инсайдер Экрем Конурнинг хабар беришича, Англия Премер-лигаси вакиллари томонидан бўлаётган қизиқишларга қарамай, Жулиано Симеоне Мадриднинг «Атлетико»сидан кетиш ниятида эмас.
Яримҳимоячи хизматларига Англиянинг «Манчестер Юнайтед», «Манчестер Сити» ва Лондоннинг «Тоттенҳэм» клублари қизиқиш билдирмоқда ва футболчи атрофидаги вазиятни синчковлик билан кузатиб бормоқда. Диего Симеоненинг ўғли бўлган Жулианонинг трансфер қиймати 40 миллион еврога баҳоланмоқда. Унинг «матрасчилар» билан амалдаги шартномаси 2030 йилнинг ёзигача мўлжалланган.
Таъкидлаш лозим, Симеоненинг шартномасида товон пули борасида махсус банд бор. Исталган клуб 500 миллион евро тўлаб, футболчини Мадриддан олиб кетиши мумкин.
Маълумот учун, Ла Лига янги мавсумида Жулиано 8 та ўйинда майдонга тушди ва 2 та гол уриб, шерикларига 2 марта голли узатма етказиб берди.