Бугун
75
Ўзбек

Ислом Аҳмедов: «Бу — бизнинг футболимиз. Ҳеч ким Каннаварога халақит бермаслиги керак»

Эксклюзив
11 октябр, 03:36
    3
Tribuna.uz журналисти Аҳмедов билан суҳбат уюштирди.
Ислом Аҳмедов: «Бу — бизнинг футболимиз. Ҳеч ким Каннаварога халақит бермаслиги керак»
Фото: Tribuna.uz

Ўзбекистон футболи янги босқич остонасида. Миллий жамоанинг тарихда илк бор жаҳон чемпионатига чиқиши мамлакат футболидаги катта натижа бўлиши билан бирга, энди олдимизда турган янада муҳим саволни ҳам кун тартибига олиб чиқди: биз бу муваффақиятни қандай тизимга айлантирамиз?

Миллий жамоа қандай футбол ўйнаши керак? Фабио Каннаваро Ўзбекистон футболига фақат натижа эмас, яна нималарни олиб келиши мумкин? Нега маҳаллий мураббийларга кўпроқ ишониш вақти келди? Клубларда мураббийларни тез-тез алмаштириш ортида қандай муаммолар бор? Ва энг муҳими — ўзбек футболининг ҳақиқий кучи нимада?

Бу саволларга жавоб излаш учун футболимиз ичида катта тажриба тўплаган, йиллар давомида FIFA ва OFK курсларида мураббийлар тайёрлаган мутахассис Ислом Аҳмедов билан суҳбатлашдик.

Суҳбат давомида Каннаваро, миллий жамоа услуби, ўзбек мураббийлари, легионерлар, Суперлига, мураббийлик таълими ва футболимизнинг келажаги ҳақида очиқ гаплашдик.

- Ислом ака, Ўзбекистон миллий жамоаси тарихда биринчи марта Жаҳон чемпионатига чиқди. Сиз футбол ичидаги инсон сифатида бу муваффақиятни қандай баҳолайсиз: биз ҳали унинг ҳақиқий қийматини тўлиқ англаб етдикми?

- Жаҳон чемпионатига чиқиш ва унда иштирок этишнинг ҳақиқий қийматини вақт ўтиши билан тушуниб, англаб етамиз. Бу нормал ҳолат, ҳар бир нарсани англаш учун вақт керак.

- Фабио Каннаваро Ўзбекистонга келганидан кейин миллий жамоамизда сиз биринчи навбатда қандай ўзгаришни кутяпсиз? У бизга натижадан ташқари нимани олиб келиши мумкин?

- Ҳар бир инсон яхши тушуниши керакки, мамлакат миллий жамоаси қандай футбол ўйнаши — юртимизда футбол билан шуғулланаётган барча мутахассислар учун ўзига хос йўналиш ва мезон ҳисобланади.

Саволингизга жавоб беришдан олдин ўз шахсий фикримни билдирмоқчиман. Бунга чуқур ишонаман. Биз жаҳон чемпионатидан кейин миллий терма жамоамизнинг ФИФА кунларида Эрон, Сурия ва Жанубий Кореяга қарши ўйинларини кўрдик. Менимча, айнан шу футбол бизга керак. Бу — биз юқори даражада ўйнай оладиган ва натижага эриша оладиган футбол.

2018 йил кузида мен «А» лицензияси учун мураббийлик курсларини ўтказаётган эдим. Ўша йили Темур Кападзе мураббийлик фаолиятини энди бошлаган пайтларда миллий терма жамоамизни Марокашдаги ўртоқлик учрашувларига олиб борган. У ерда Сенегал ва Марокашга қарши икки учрашув ўтказилди. Кейин Эронга бориб, Эрон терма жамоасига қарши ўйнадик. Уругвайда эса Уругвай терма жамоаси билан баҳслашдик.

Мен ўша ўйинларни кузатдим ва бу — биз ўйнашимиз керак бўлган футбол эканини кўрдим. Шу имкониятдан фойдаланиб, Темур Кападзедан мураббийларимиз учун тақдимот тайёрлаб беришини сўрадим. Унда жамоамиз нима учун айнан шундай футбол ўйнаши кераклиги ва бу услубнинг қандай афзалликлари борлигини кўрсатиб берди. Бу 2018 йил эди!

Демак, ўша вақтнинг ўзидаёқ биз бундай футбол ўйнашга тайёр эдик. Кейин миллий жамоанинг жаҳон чемпионатига чиқиш масаласи ҳал бўлгач, Қатарга қарши сўнгги ўйинда ва бироз вақт ўтиб Тошкентдаги КАФА турнирида Темур Кападзе яна 1-4-3-3 тизимига, яъни унинг мураббийлик фаолияти бошида, 2018 йилдаги ўртоқлик учрашувларида жамоаси намойиш этган футболга қайтди.
Бизнинг кучли томонимиз — индивидуал жиҳатдан кучли футболчиларга эга эканимиз. Футболчиларимиз тўп билан муомала қилиш техникаси, ностандарт фикрлаши билан ажралиб туради. Улар билан тўғри иш олиб борилса, ўйинни тушуниш даражаси ҳам юқори.

Бутун ўйин тўп назорати, ҳужумни қисқа ва ўрта узатмалар орқали бошлаш ва ривожлантириш, учинчи зонада эса ҳужумни якунлашда индивидуал ҳамда гуруҳли креатив ҳаракатлар асосида қурилади.

Ҳозир ҳам миллий жамоамиз Эрон, Сурия ва Жанубий Кореяга қарши ўтказган учта ўйинда 1-4-3-3 тизимида ўйнаяпти. Бу — комбинацион, креатив футбол. Бу футболни бизнинг футболчиларимиз қила олади ва энг муҳими, улар бундай футболдан катта завқ олади.

Шу саволга жавобимни якунлар эканман, айтаманки, Каннаваро бош мураббий сифатида ишлаётган даврида нима бўлишидан қатъи назар, миллий терма жамоамиз юқоридаги учта ўйинда намойиш этган футболдан воз кечмаслиги керак.
У ва унинг иш услуби барча учун намуна бўлиши лозим. Бу йўналишда ҳамма ишлаши керак. Чунки бу — бизнинг футболимиз.

- Каннаваронинг футболчиликдаги улкан тажрибаси унинг мураббий сифатидаги фаолиятида қай даражада устунлик беради? Ёки жаҳон чемпиони бўлишнинг ўзи замонавий мураббий учун етарли эмасми?

- Албатта, футболчининг юқори даражадаги тажрибаси унинг мураббийлик фаолиятида ёрдам беради. Лекин бу — футболчи сифатидаги тажриба. Албатта, унга топ-даражадаги мураббий бўлиш учун вақт керак. Аммо ҳозир мени энг кўп ташвишлантираётган бошқа масала бор.

У ҳозир Ўзбекистон миллий терма жамоасининг бош мураббийи. Унинг олдида Осиё Кубогида бажариши керак бўлган аниқ вазифа турибди. Унинг олдида ҳали жуда кўп иш бор. Мени қувонтираётган жиҳат — у жаҳон чемпионатидаги ўйинлардан кейин тўғри хулосалар чиқарди ва ҳозир тўғри йўналишда ҳаракат қиляпти.

Яна бир бор такрорлайман: ҳеч ким ва ҳеч нарса унга ҳозир қилаётган ишини амалга оширишга халақит бермаслиги керак! Миллий жамоани тайёрлаш жараёнига алоқадор бўлган барча инсонлар унинг ишига аралашмаслиги, бу йўналишни тушуниши ва унга айнан шу йўналишда ёрдам бериши зарур.

- Миллий жамоага футболчи танлашда биз нимагадир ортиқча эътибор беряпмизми? ФИФА инструктори сифатида айтинг: замонавий футболда футболчининг статистикасидан ташқари қайси жиҳатлари ҳал қилувчи аҳамиятга эга?

- Бугунги кунда кўриб турибмизки, миллий жамоа бош мураббийи ўз жамоаси қандай футбол ўйнашини аниқ белгилаб олган. Ушбу футбол услубига мос равишда ҳар бир позицияга камида икки нафар футболчи танлайди ва яна шунча футболчини захирада назарда тутади. Терма жамоага таклиф қилинаётган пайтда футболчининг ҳолатига қараб, якуний танловни амалга оширади.

Иккинчи саволингизга жавоб берсам, бу — интеллект, ҳар бир ўйин вазиятини баҳолай олиш, тўғри қарор қабул қилиш ва рақиб босими остида ҳам уни амалга ошира олиш қобилияти ҳамда «жанговор характер».

Яъни, охиригача кураша олиш — асосий жиҳат. Қолган сифатлар футболчини тайёрлаш жараёнида ривожлантирилади.

- Суперлигада мураббийлар тез-тез алмашади. Буни натижа учун курашнинг табиий қисми деб қабул қилиш керакми ёки клубларда узоқ муддатли футбол фалсафаси етишмаяптими?

- Барчаси клуб мураббий олдига қандай вазифа қўяётганига ва ушбу вазифани бажариши учун унга қандай реал шароит яратиб бера олишига боғлиқ.
Бу — биринчи жиҳат. Иккинчидан, мураббийни танлашда, албатта, унинг аввалги натижалари ва у ишлаган жамоалар қандай футбол намойиш этганига қараш керак.
Менинг фикримча, мураббийни камида уч йилга таклиф қилиш керак. Шунда у жамоа яратиши, ички чемпионатда натижа кўрсатиши ва кейин клублар ўртасидаги ОФК мусобақаларида халқаро майдонда ўзини кўрсатиши мумкин.

Мураббийларга вақт бермасдан, уларни доимий равишда алмаштириб туриш орқали мураббийни таклиф қилиш учун масъул клуб раҳбарлари ўзларининг профессионал обрўсига путур етказади.

- Бизда яхши легионер олиб келиш кўпинча тайёр футболчи харид қилиш сифатида қаралади. Аслида эса кучли легионер маҳаллий футболчига нимани ўргатиши керак?

- Агар бу ҳақиқатан ҳам кучли легионер бўлса, у маҳаллий футболчиларга, айниқса, ёш футболчиларга ўргатиши мумкин бўлган энг муҳим нарса — майдонда ҳам, кундалик ҳаётда ҳам профессионализм.
Менинг чуқур ишончимга кўра, бу футболимиздаги асосий муаммолардан бири, айниқса, ёш авлод билан боғлиқ масалалардан биридир.

- Сиз йиллар давомида ФИФА ва ОФК курсларида мураббийларга дарс бердингиз. Ўзбек мураббийларининг энг кучли жиҳати нимада ва уларда ҳали етишмаётган энг муҳим сифат нима?

- Айниқса, болалар ва ўсмирлар билан ишлайдиган мураббийларни алоҳида таъкидламоқчиман. Уларнинг кучли томони — ўз ишини яхши кўришади. Қандай шароитда ишлашидан қатъи назар, ҳар бир болани ҳам ҳаётда, ҳам футбол майдонида яхшироқ инсон ва футболчи қилишга ҳаракат қилишади.

Пролига ва Суперлига даражасига етиб келган мураббийларда истеъдод ва қобилият бор. Аммо, афсуски, кўпчилиги турли ҳолатлар сабабли ўз салоҳиятини тўлиқ очиб бера олмаяпти.

Асосий сабаблардан бири — клуб раҳбарларининг маҳаллий мураббийларга бўлган муносабати.«Уларда ҳали етишмаётган энг муҳим сифат нима?» деган саволингизга келсак, уларда мавжуд билимлар билан бирга айтиш қийинки, ўзгаришга мослашиш осон эмас.
Футбол ҳам, ҳаёт ҳам доим ўзгариб боради. Футболдаги талаблар ўзгаряпти. Кўпчилик кеча муваффақият келтирган усулларидан воз кечиши қийин. Кеча муваффақият келтирган нарса бугун иш бермаслиги мумкин. Замон билан ҳамнафас бўлиш, замонавий футболдаги ўзгаришларни ўз вақтида кўра билиш ва ўзгаришдан қўрқмаслик керак.

- Лицензия олган мураббий билан ҳақиқий замонавий мураббий ўртасида қандай фарқ бор? Бизда лицензия тизими мураббийни амалиётга етарлича тайёрлаяптими?

- ОФК анча йиллар аввал УЕФА намунаси асосида мураббийлик конвенциясини қабул қилган. Мамлакатимиз ҳам ушбу мураббийлик конвенциясига кирган давлатлар қаторида.

Барча тоифалар бўйича мураббийларни ўқитиш ва тайёрлаш дастурлари ОФК томонидан тасдиқланади ва бизнинг мураббийларимиз ҳам ушбу дастурлар асосида ишлайди. Бу масалада бизда ҳаммаси жойида.
Биринчи саволингизга жавоб берар эканман, юқорида футболда қайси йўналишни танлашимиз кераклиги ҳақида тўхталдим. Агар миллий терма жамоамиз ўйнаётган йўналишни қабул қилсак, демак, барча даражалардаги мураббийларни тайёрлаш жараёни ҳам айнан шу йўналишда бўлиши керак.

Албатта, кўп жиҳатларни қайта кўриб чиқиш зарур. Мураббийларни тайёрлаш дастурлари ва уларга таълим берадиган мураббий-инструкторлар замонавий талабларга мос бўлиши керак.

Бизда, Осиёнинг кўплаб етакчи футбол мамлакатларида бўлгани каби, мураббийлик таълимида анча йиллардан буён модулли тизим жорий этилган. Мураббийлар назарий ва амалий билимларни олади. Кейинги модулга қадар уларга камида бир ой вақт берилади. Шу даврда ўз жамоалари билан ишлаб, олган билимларини амалда қўллаб кўришади ва тўплаган тажрибалари билан кейинги модулга келишади.

Ўқиш якунига келиб, инструктор қайси мураббий нимаси билан ажралиб туришини ва унинг келажакдаги истиқболи қандай эканини кўра олади. Фақат бир нарсани айтишим мумкин: мураббий доим ўз устида ишлаши керак. Ҳатто ПРО лицензиясига эга бўлган мураббий ҳам, агар ўз устида ишламаса ва ҳар куни ўз ҳаракатлари билан замонавий талабларга мос эканини исботламаса, ҳеч кимга керак бўлмаслиги мумкин.

- Замонавий футболда бош мураббий ёлғиз ўзи натижа қила олмайди. Аналитик, скаут, фитнес-мураббий, психолог каби мутахассислардан иборат штаб Ўзбекистон клубларида ҳали ҳам етарлича шаклланганми?

- ОФК талабларига мувофиқ, мамлакатимизда клубларни лицензиялаш жараёни мунтазам ўтказиб борилади. Суперлига клубларимизда бу борада муаммо йўқ. ПФЛ бу масалани қатъий назорат қилади.

- Сиз турли мамлакатларда футбол мутахассислари билан ишлагансиз. Ўзбекистонлик мураббий хорижлик мутахассисдан нимада кучли бўлиши мумкин, хорижлик мураббий эса биздан нимани яхшироқ қиляпти?

- Мамлакатимизда юқори малакали, катта иш тажрибасига эга бўлган ва хорижлик мутахассислардан ҳеч бир жиҳатда кам бўлмаган мураббийлар жуда кўп. Агар ҳозир миллий терма жамоамиз қандай ўйнаётганига қарасак, Суперлига клубларимиз ҳам айнан шу футболни ўйнамоқда. «Навбаҳор» — Темур Кападзе билан, «Нефтчи» — Ислом Исмоилов билан, «Пахтакор» — Камол Тожиев билан, «Динамо» — Вадим Абрамов билан, «Насаф» — Рўзиқул Бердиев билан, «Сурхон» — Алишер Ғафуров билан, «Андижон» эса Ислом Аҳмедов билан.

Менимча, ўз мураббийларимизга кўпроқ ишониш ва уларни хорижлик мутахассислар қандай қўллаб-қувватланаётган бўлса, худди шундай қўллаб-қувватлаш вақти келди.

- Бугун 20–25 ёшли ўзбек мураббийи «мен халқаро даражага чиқмоқчиман» деса, унга биринчи навбатда нимани ўрганишни тавсия қилган бўлардингиз?

- Ўз устида жуда кўп ишлашни, эришилган натижа билан ҳеч қачон тўхтаб қолмасликни ва мағлубиятдан қўрқмасликни тавсия қилган бўлардим.
Мағлубиятлар ғалабалардан кўра кўпроқ тажриба беради. Ўз-ўзини ривожлантириш — чексиз ва ҳаётий зарур жараён.

- Ва сўнгги савол: сиз футболимизни ичкаридан ҳам, халқаро даражадан ҳам кўрган мутахассис сифатида, Ўзбекистон футболида ҳозир биз кўраётганимиздан ҳам каттароқ имконият бор деб ҳисоблайсизми? Агар ҳа бўлса, унга етиб боришимизга нима халақит беряпти?

- Барчамиз аввало кучли томонимиз нимада эканини ва бошқалардан нимамиз билан фарқ қилишимизни тушунишимиз жуда муҳим. Шубҳасиз, замонавий футбол қандай ривожланаётганини англашимиз керак. Бизнинг бахтимиз шундаки, замонавий футбол айнан биз кучли бўлган йўналишда ривожланяпти.

Мамлакатимизда барча даражаларда, ҳар бир жамоада — хоҳ ҳаваскорлар, хоҳ профессионаллар бўлсин — камида 3–4 нафар ностандарт фикрлайдиган, техник жиҳатдан кучли ва креатив футболчи бор. Давлатимиз томонидан мамлакатда футболни ривожлантириш учун яратиб берилаётган шароитлар туфайли бундай футболчилар сони ортиб бормоқда. Танлов имконияти жуда катта.

Энг муҳими, футбол жараёнига жалб қилинган барча инсонлар амал қилиши керак бўлган ягона футбол услуби ва фалсафаси бўлиши лозим. Бир пайтлар психологлар гуруҳи ўтказган сўровномада мен ҳам иштирок этганман. Кўплаб саволларга жавоб бердим. Якунда қандай хулосага келинди?

Мамлакатимизда футболни ривожлантириш учун барча шароит бор: инфратузилма, стадионлар, машғулот базалари, ҳар бир вилоятда ва ҳар бир профессионал клуб қошида футбол академиялари мавжуд.

Бизга етишмаётган асосий жиҳат — қайси футболни ўйнашимиз кераклиги борасида аниқ ва равшан позиция ҳамда ушбу футболни барча даражаларда — болалар футболидан бошлаб миллий терма жамоагача — ҳаётга татбиқ этадиган мутахассислар.

Бизга танланган йўналишда ишлайдиган, тайёргарлиги юқори бўлган мураббийлар керак. Агар ҳозир миллий терма жамоамиз ўйнаётган футбол йўналишини асос қилиб олсак ва бу йўналиш футболга алоқадор барча инсонлар учун ягона услуб сифатида қабул қилинса, халқаро майдонда бизни ёруғ келажак кутади! Бунинг битта мажбурий шарти бор — ҳар бир лавозимда ўз ишининг профессионаллари ишлаши керак!

Янги мунозара

Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда

3 изоҳ
Муҳокамага ўтиш

Изоҳлар Telegram’да очилади

Бугунги янгиликлар