Live
1
Ўзбек

Рафаэл Тавареш: «Илк таассуротим Суперлиганинг ўйинлари ва шиддатидан ҳайратланиш бўлди»

Эксклюзив
11 октябр, 03:44
Tribuna.uz журналисти бразилиялик футболчи билан суҳбатлашди.
Рафаэл Тавареш: «Илк таассуротим Суперлиганинг ўйинлари ва шиддатидан ҳайратланиш бўлди»
Фото: Хоразм ПФК

«Хоразм» жамоасининг бразилиялик янги ҳужумчиси Рафаэл Тавареш аста-секин ўзини кўрсатишни бошлади. У Фарғонада «Нефтчи»га қарши ўтказилган беллашувда «Хоразм»нинг кичик сенсация қайд этишига сабабчи бўлди. Ушбу ҳужумчи чемпион жамоа дарвозасини икки марта ишғол қилди.

Умумий ҳисобда эса жамоасининг охирги иккита ўйинида 3 та гол урди. Tribuna.uz журналисти урганчликлар ва чемпионатимизда дебютини ўтказаётган ушбу иқтидор эгаси билан суҳбатлашди.

- Рафаэл, сизни Бразилиядан Ўзбекистонга нима олиб келди? Таклифни қабул қилишдан олдин ўзбек футболи ҳақида қанчалик маълумотга эга эдингиз? Ростини айтганда, «Хоразм»га ўтиш фаолиятингиз режаларида бор эдими ёки бу кутилмаган имконият бўлдими?

- Ўзбекистон миллий жамоасининг сўнгги FIFA жаҳон чемпионатида иштирокидан кўп ўтмай, «Хоразм»дан таклиф олганимдан кейин клубда аллақачон ўйнаб келаётган бразилиялик дўстларим Рафаэл Сабино ва Лоан билан боғландим. Улар менга лиганинг қандай ташкил этилгани ҳақида тушунтириб беришди, клубнинг лойиҳалари ва мақсадлари ҳақида гапириб беришди. Бу эса менда янги саргузаштни бошлашга қизиқиш уйғотди. Мана, энди фаолиятимда илк бор Осиё футболи билан танишяпман.

- Ўзбекистонга келганингизда Суперлига ҳақидаги тасаввурларингиз билан майдонда дуч келган воқелик ўртасида фарқ бўлдими? Бразилия футболи билан таққослаганда, лигамизнинг қайси жиҳатлари сизда кўпроқ таассурот қолдирди?

- Илк таассуротим ҳақиқатан ҳам лиганинг савияси ва ўйинлар шиддатидан ҳайратланиш бўлди. Учрашувлар жуда рақобатбардош тарзда кечади, ўйин суръати юқори ва хатога деярли ўрин йўқ.

- Сиз август ойида «Хоразм»га қўшилдингиз ва ҳозиргача тўртта ўйинда учта гол урдингиз. Янги мамлакат, янги жамоа ва янги лигага бунчалик тез мослашишингизнинг сири нимада? Бундай кучли стартни кутганмидингиз?

- Ҳаммаси жуда тез содир бўлди, аммо келганимдан бошлаб бутун мураббийлар штаби ва жамоадошларим томонидан катта қўллаб-қувватлашни ҳис қилдим. Албатта, клубда аввалдан ўйнаб келаётган бразилиялик футболчиларнинг ёрдами мослашишимда янада муҳим роль ўйнади. Уларнинг кўмаги туфайли жамоага тез мослашдим ва голлар уришга, жамоамнинг ижобий натижаларга эришиши учун қўлимдан келган барча ишни қилишга тайёр бўлдим.

- «Нефтчи»га қарши ўйин олдидан кўпчилик Фарғона жамоасининг ғалабасини кутганди. Бироқ сиз иккита гол уриб, уларнинг бундай натижага эришишига тўсқинлик қилдингиз. Учрашувдан олдин «Нефтчи»нинг кучли жиҳатларини ўргандингизми ёки ўйин давомида рақиб ҳимоясидаги заиф нуқталарни аниқладингизми?

- «Нефтчи» жуда кучли ва иқтидорли жамоа. Айниқса, жамоамиз кетма-кет бир нечта учрашувда салбий натижалар қайд этганини ҳисобга олсак, томошабинларнинг аксарияти чемпионат пешқадамининг осон ғалаба қозонишини кутганини билардик. Бироқ танаффус даврида жуда қаттиқ меҳнат қилдик ва Фарғона жамоасини ҳайратда қолдириш учун тактик тайёргарликка алоҳида эътибор қаратдик. Шахсан ўзим таҳлилчим билан биргаликда рақибнинг ҳимоявий ўйинини ўргандим. Бу менга улар ҳимоясидаги заиф нуқталарни аниқлаш ва кўпроқ голли вазиятлар яратиш учун майдонда тўғри жойлашишга ёрдам берди.

- «Нефтчи»га қарши иккита голингиз ва сўнгги учрашувлардаги ўйинингиз муваффақиятингиз тасодиф эмаслигини кўрсатмоқда. Сизнингча, ҳужумчининг гол уришида энг муҳим омил қайси: индивидуал маҳорат, жамоадошлар билан ўзаро тушуниш ёки мураббийнинг сизга бўлган ишончи?

- Бу уч омилнинг барчаси жуда муҳим: мураббийлар штабининг менга бўлган ишончи, жамоадошларим билан ўзаро тушуниш ва ниҳоят, вазиятлар яратиш ҳамда уларни самарали тарзда голга айлантиришдаги индивидуал маҳоратим. Ушбу уч омил бирлашганда, гол уриш имкониятим анча ошади.

- Сўнгги икки учрашувда учта гол урдингиз. Ҳужумчилар баъзан шундай даврни бошдан кечиришадики, гол уриш улар учун одатий ҳолга айланади. Ҳозир ўзингизни шундай даврда деб ҳисоблайсизми? Дарвоза олдида қачондан бошлаб ўзингизни ишончлироқ ҳис қила бошладингиз?

- Албатта, майдонга тушган ҳар бир ўйинимда гол уришни истайман, аммо баъзан ҳаммаси кутилганидек кечмайди. Қийинчиликларга бардош бериш ва мунтазам равишда астойдил меҳнат қилиш охир-оқибат ижобий натижаларга олиб келишига қаттиқ ишонаман. Ҳозиргача эришган кўрсаткичларимдан жуда хурсандман, бироқ ҳали ҳам ғалабалар ва жамоам билан биргаликдаги муваффақиятларга чанқоқман.

- «Хоразм»га қўшилганингиздан кейин клуб ва унинг мухлислари ҳақидаги фикрингиз ўзгардими? Жамоа турнир жадвалидаги ҳозирги ўрнидан кўра яхшироқ натижаларга эришиш салоҳиятига эга деб ҳисоблайсизми?

- Шубҳасиз. Жамоамизнинг салоҳияти жуда юқори. Қаттиқ меҳнат ва пухта тайёргарлик орқали чемпионатнинг ҳал қилувчи қисмида яхшироқ натижаларга эриша олишимизга ишонамиз. Турнир жадвалида юқорироқ кўтарилиш ва яхшироқ ўринни эгаллаш учун бир оиладек бирлашиб курашамиз.

- Бразилиялик футболчилар кўпинча техникаси, тезлиги ва индивидуал маҳорати билан ажралиб туради. Сизни бошқа ҳужумчилардан фарқлаб турадиган асосий хусусиятлар нималар, деб ўйлайсиз? Мухлислар сиздан қандай ўйин услубини кутишлари мумкин?

- Мен ижодкор футболчиман. Ҳар бир учрашувдан худди бола истироҳат боғида завқланаётгандек роҳатланишга ҳаракат қиламан. Майдонда ўйиндан завқ олишни яхши кўраман, шу билан бирга, ўз вазифамга масъулият билан ёндашаман ва диққатимни жамлайман. Бундан ташқари, менда кучли курашчанлик руҳи бор ва ҳеч қачон таслим бўлмайман.

- Ўзбекистондаги ҳаётга қанчалик мослашяпсиз? Тил, таомлар, маданият ва футболдан ташқари кундалик ҳаёт борасида сиз учун энг қийин ёки энг ёқимли жиҳат нима бўлди? Бразилиядан энг кўп нимани соғиняпсиз?

- Ўзбекистонга жуда яхши мослашяпман. Оилам ҳам мен билан бирга, бу янги маданиятни мен билан биргаликда ўрганмоқда. Мен ҳам мамлакатингиз ва унинг маданияти ҳақида тобора кўпроқ билишга ҳаракат қиляпман. Ҳозиргача барча таассуротларим ижобий ва ишлар қандай кетаётганидан жуда хурсандман.

- Шартномангиз йил охиригача амал қилади. Демак, мавсум якунида келажагингиз борасида муҳим қарор қабул қилишингиз керак бўлади. «Хоразм»да қолиш ёки Ўзбекистоннинг бошқа клубидан тушган таклифни қабул қилиш вариантини кўриб чиқасизми? Қарорингизга қайси омиллар энг кўп таъсир кўрсатади?

- Ҳозирги пайтда бутун эътиборимни яхши ўйнашга, жамоамга ёрдам беришга ва жамоадошларим билан биргаликда ижобий натижаларга эришишга қаратганман. Мавсум якунида оилам билан ўтириб, кейинги қадамларимиз ҳақида маслаҳатлашамиз. Бироқ «Хоразм»да қолиш муддатини узайтиришга, албатта, очиқман. Чунки айнан шу клуб менга ўзбек футболи эшикларини очди ва Осиё қитъасида тўп суриш имкониятини берди.

- Фаолиятингиздаги асосий мақсадингиз нима? Ўзбекистондаги муваффақиятли ўйинларингиздан кучлироқ лигага ўтиш учун поғона сифатида фойдаланмоқчимисиз ёки фаолиятингизнинг ҳозирги босқичида барқарорлик ва жамоа билан биргаликда муваффақиятга эришиш сиз учун устуворми?

- Мен жуда катта амбицияларга эга футболчиман. Қаерда ўйнамай, тарих яратишни, совринлар учун курашишни, голлар уришни ва футболдан тўлиқ завқ олишни истайман. Ҳар бир лаҳзани бор вужудим билан яшайман ва тўп сурган ҳар бир жойимда ўз изимни қолдиришга ҳаракат қиламан.

- Якунда мухлислар «Хоразм»нинг мавсум қолган учрашувларида сиздан нималарни кутишлари мумкин? Мавсум якунига қадар уришни мақсад қилган голларингиз сони бўйича аниқ режангиз борми? Мухлисларга қандай ваъда бермоқчисиз?

- Мухлислар охиригача курашадиган ва ҳар доим жамоа манфаатларини биринчи ўринга қўядиган футболчини кўришлари мумкин. Шахсий мақсадларим — голлар уриш ва жамоадошларим билан биргаликда ғалабалар қозониш. Охир-оқибат ана шу жамоавий саъй-ҳаракатларимиз турнир жадвалида юқорироқ кўтарилишимизга ва чемпионатдаги ўрнимизни янада мустаҳкамлашимизга ёрдам беради.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Хоразм Хоразм
Бугунги янгиликлар