Франциялик ҳужумчи Оливе Жиру «Лилл» бош мураббийи Давиде Анчелотти билан муносабатлари ва унга ёши кичик бўлишига қарамай, нега доимо «сиз» деб мурожаат қилиши ҳақида гапирди. Футболчининг таъкидлашича, бу қарор мураббий ва ўйинчи ўртасидаги ҳурмат ҳамда хизмат муносабатларига асосланган.
«Мен унга «сиз» деб мурожаат қилишни ўзим талаб қилдим, чунки у менинг бошлиғим», — деди Жиру кулиб.
«Ўзаро ҳурмат ниҳоятда муҳим. Бу жамоадаги ёш футболчилар учун ҳам яққол намуна бўла олади. Фаолиятим давомида катта тажриба тўплаган бўлсам-да, у бош мураббий сифатида эндигина ўз йўлини бошламоқда. Шунга қарамай, мураббий ва футболчи ўртасида тегишли масофа ҳамда касбий ҳурмат бўлиши шарт», — дея Жирунинг сўзларини Leguе 1+ медиа платформаси келтирмоқда.
Маълумот учун, Оливе Жиру 40 ёшда, Давиде Анчелотти эса 37 ёшда. Жиру ўзининг катта тажрибасига қарамай, мураббий билан муносабатларда касбий тартиб-қоидаларга риоя қилишни муҳим деб ҳисоблайди.