Live
5
Ўзбек

Сергей Лушан: «Имкони борича жамоани Суперлигада сақлаб қолишга ҳаракат қиламиз»

Эксклюзив
19 август, 15:48
«Машъал» бош мураббийи «Андижон»га қарши баҳсдан сўнг ўз фикрларини билдирди.
Сергей Лушан: «Имкони борича жамоани Суперлигада сақлаб қолишга ҳаракат қиламиз»
Фото: Машъал ПФК
19.08.2026 FT Ўзбекистон Суперлигаси Машъал Машъал 0 : 1 Андижон Андижон

Ғузорда бўлиб ўтган «Машъал» - «Андижон» ўртасидаги баҳсда ягона гол ўйин тақдирини ҳал қилди ва бу меҳмонлар томонидан киритилди. Шундай қилиб, муборакликлар навбатдаги мағлубиятига учради. Учрашувдан кейин «Машъал» бош мураббийи Сергей Лушан матбуот анжуманида қатнашди.

- Фикр билдириш қийин. Ўйинимиз ўхшамади. Майдонга тушишяпти, аммо қўлидан ҳеч нима келмаяпти. Бу интеллект савиямиз шундай. Кейин нима бўлади, билмайман. Рақиб жамоани ғалаба билан табриклайман. Ростини айтсам, табриклайвериб, ўзим ҳам чарчадим. Шунга қарамай, бугунги ўйинда ижобий жиҳатлар ҳам бўлди. Биз таркибни тахминан 80 фоизга янгилаш йўлидан боряпмиз. Бугун кўрган бўлсангиз керак, майдонга жуда ёш футболчиларни, ҳали болалигича бўлган йигитларни туширдик. Улардан ҳар бири, жумладан, захирадан майдонга тушган футболчилар ҳам ўзини муносиб кўрсата олди. Яна бир йигит эса марказий ҳимоячи. Биз мотивацияси бор шу футболчиларга таянамиз.

Менинг тушунишимча, тажрибали футболчиларда мотивация деярли бутунлай йўқолган. Бунга сабаб бўлаётган айрим ҳолатларни мен ҳам тушунишга ҳаракат қиламан. Бу ҳақда аввал ҳам гапирганман, шунинг учун яна қайтиб ўтиришни истамайман. Агар футболчиларга етиб боролмасак, уларни ишонтиролмасак, тушунтира олмасак, нима қиламан? Ахир, фақат биз эмас, бошқа клубларда ҳам шундай вазиятлар бор. Баъзи пайтларда сабр қилиш кераклигини тушуниш лозим.

Ҳозирча уларга етиб боролмаяпмиз. Нима қила оламан? Мен уларни ҳам тушунишга ҳаракат қиламан. Ҳар ҳолда, биз ҳаммамиз Худонинг паноҳида юрибмиз. Имконият ҳали бор. Ҳамма нарса бўлиши мумкин. Ҳозирча биз изланишдамиз. Нимани синаб кўрмайлик, ўхшамаётган пайтлар бор. Бунинг фақат икки хил изоҳи бор, деб ўйлайман. Ёки бу ерда йиғилган футболчиларнинг салоҳияти шу даража — улар бундан ортиғига қодир эмас. Ёки бу вазиятнинг ярим йилдан бери футболчилар фақат базада яшаб, машғулот ўтказаётгани билан боғлиқ томони бор. Улар пул деган тушунчанинг ўзи қандай кўринишда бўлишини ҳам унутиб қўйишган, шекилли. Балки иккаласи ҳам таъсир қилаётгандир. Балки ҳам у сабаб, ҳам бу сабаб бордир. Лекин бунинг бизга енгиллиги йўқ.

- Жамоангиз ҳозир қийин вазиятда. Суперлигада қолиш имкониятини қандай баҳолайсиз?

- Яна бир бор айтаман: олдимизда икки вазифа бор эди. Биринчиси — имкони борича жамоани Суперлигада сақлаб қолишга ҳаракат қилиш. Агар бунинг уддасидан чиқа олмасак, кейинги мавсум учун янги жамоа шакллантириш. Ҳозир, асосан, шу иш билан шуғулланяпмиз.

Ўйлайманки, кейинги ўйинда ҳам сизлар ҳали ҳеч қачон кўрмаган яна икки нафар футболчини майдонда кўрасиз. Бугун уч нафар янги футболчи ўйнади. Кейинги баҳсда яна бир-икки нафар футболчини синаб кўрамиз. Яъни, таркибни босқичма-босқич 80 фоизга янгилашга ўтамиз. Албатта, биз мажбур бўлиб қўяётган позициялар ҳам бор. Аслида бизга маъқул бўлган икки-учта позиция бор. Қолган позицияларда эса ё ўйинчиларнинг имконияти етмаяпти, ёки уларнинг хоҳиши йўқ. Шунинг учун таркибни ўзгартиришга мажбурмиз. Бошқа вариантимиз йўқ.

Жамоа Суперлигада қоладими ёки йўқми — буни ёлғиз Худо билади. Ҳар ҳолда, имкониятимиз бутунлай тугагани аниқ бўлмагунча ишлашда, ҳаракат қилишда, нимадир ўйлаб топишда ва изланишда давом этамиз.

Биласизми, нимадир ўйлаб топиш жуда қийин. Айниқса, мавсумолди йиғинлар бўлиб, янги футболчиларни олиб келиш имконияти бўлганда, муаммони ҳал қилиш осонроқ. Футболчини алмаштиришингиз, бошқасини олиб келишингиз мумкин. Бизда эса бор нарса шу. Қўлимиздаги футболчилар билан ишлашга ҳаракат қиляпмиз. Уларга ҳам тушунтиряпмиз: бошқа футболчиларимиз йўқ. Агар ҳаммамиз бирга бўлсак, демак, бир мақсад сари бирга ҳаракат қилишимиз керак. Ҳозир эса бизда шундай вазият: кимдир хоҳлаяпти, лекин қодир эмас; кимдир қодир, лекин хоҳламаяпти. Ҳозирча мана шу ҳолатни бир жойга йиғишнинг уддасидан чиқа олмаяпмиз. Шунга қарамай, яхши жиҳатлар борми? Ҳа, бор», - дея Лушаннинг сўзларини келтиради Tribina.uz мухбири.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Машъал Машъал
  • Андижон Андижон
  • Ўзбекистон Суперлигаси Ўзбекистон Суперлигаси
Бугунги янгиликлар