Бугун
34
Ўзбек

Ислом Аҳмедов: «Иккита мағлубиятдан сўнг бугун ютмасак бўлмасди»

Эксклюзив
19 август, 16:19
«Андижон» устози жамоасининг ғалабаси ҳақида фикр билдирди.
Ислом Аҳмедов: «Иккита мағлубиятдан сўнг бугун ютмасак бўлмасди»
Фото: Андижон ПФК
19.08.2026 FT Ўзбекистон Суперлигаси Машъал Машъал 0 : 1 Андижон Андижон

«Андижон» клуби сафарда лига аутсайдери - «Машъал»га қарши учрашувда 0:1 ҳисобида ғалаба қозониб, уч очкони қўлга киритди. Беллашувдан сўнг ташкил қилинган матбуот анжуманида «Андижон» устози Ислом Аҳмедов матбуот анжуманида қатнашди.

- Аввало, бугунги ғалабамиз билан «Андижон» жамоамиз мухлисларини, бизни қўллаб-қувватлаган ишқибозларимизни табриклаймиз ва каттакон раҳмат айтамиз. Иккита мағлубиятдан сўнг бугун ютмасак ҳам бўлмасди. Буни футболчилар ҳам, мураббийлар штаби ҳам яхши тушуниб туришганди. Тайёргарлик кўрдик, аммо учрашув осон кечмаслигини билардик. Сабаби, «Машъал»да иккинчи даврада тажрибали мураббий қўли остида олдинга ҳаракат бор эди. Йигитларга қийин ўтишини тушунтирганмиз. Хоҳлайсизми-йўқми, турнир жадвалидаги вазиятга қараб футболчиларда бироз бўшашиш бўлди. Лекин ўйинчиларимизга охиригача курашишгани учун раҳмат айтамиз, улар мувозанатни йўқотишмади. 1:0 ҳисобида бўлса ҳам ғалаба қозондик.

- Натижа қониқарли, аммо ўйиндан ҳам қониқдингизми?

- Очиғи, футболчиларимизнинг потенциалини ҳисобга олганда, ўйиндан ўртача даражада қониқиш бўлиши мумкин. Чунки футболчиларимиз ўз кучларини масалан «Нефтчи»га қарши ўйиннинг биринчи бўлимида, «Пахтакор»га қарши учрашувларда ҳам кўрсатишди. Аммо бугун футболчиларни ҳаммаси ҳам барибир ўз даражасида ҳаракат қила олмадилар. Шундай бўлса-да, ўйинчиларимиз меҳнат қилишди, борини беришди. Шунинг учун натижадан қониқдик, аммо ўйин тарафлама яна ишлайдиган жиҳатларимиз бор.

- Демак, рақибни охирги ўриндалиги ҳам йигитларга бироз руҳий тарафдан таъсир кўрсатдими?

- Ҳа, бу озгина бўлса ҳам таъсир қилади. Рақиб қанчалик кучли бўлгани сари футболчини шунча яхши «настрой» қилдиради. Ўйлайманки, ҳозирги «Машъал» кўтарилишда, яхши ўйин кўрсатяпти.

- Биринчи бўлимда жамоангиз бошқача кўринишда ўйнади. Якуний нуқтани қўйишда футболчиларга бироз омад ёки аниқлик етишмади. Иккинчи бўлимда етакчилардан бири Черан майдонга тушгач, ўйин ўзгарди. Олдиндан шуни тахмин қилганмисиз ёки вазиятдан келиб чиқиб иккинчи бўлимда тажрибали ўйинчиларни туширдингизми?

- Драганни 3-4 сафардан бери иккинчи бўлимда майдонга туширяпмиз. Ўзини тажрибаси билан тўпни назорат қилади, жамоадошларини шошилмасликка чақиради. Биринчи бўлимда нимага ўхшамади? Чунки шундай ўйинчимиз йўқ эди. Тўпни рақиб томонида назорат қилдик. Лекин якуний пасни берадиган ўйинчиларимиз бироз шошилиб кетишди. Шу боис иккинчи бўлимда Черанни майдонга туширяпмиз.

- Бугун «Андижон» мухлисларини стадионда кўрмадик…

- Йўқ, улар нариги тарафда бизни қўллаб-қувватлаб туришди.

- «Ултьрас Бургут»га ўрганиб қолган эканмиз. Балки уларни келишмагани иккита мағлубият билан боғлиқми?

- Балки бўлиши мумкин. Мухлисларимиз ғалабалар кутишганди, уларни хурсанд қила олмадик. Озгина хафа бўлиб қолган бўлиши мумкин. Худо хоҳласа, ғалабаларимиз билан ишқибозларимизни яна қайтарамиз», - дея бош мураббийнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Машъал Машъал
  • Андижон Андижон
  • Ўзбекистон Суперлигаси Ўзбекистон Суперлигаси
Бугунги янгиликлар