Колумбия миллий жамоаси яримҳимоячиси Густаво Пуэрта ЖЧ-2026 гуруҳ босқичининг 1-турида Ўзбекистон устидан қозонилган 3:1 ҳисобидаги ғалабадан кейин учрашув ҳақида фикр билдирди.
Асосий таркибда майдонга тушган футболчи Луис Диаснинг голига ассист муаллифи бўлди.
«Мураббий мендан доим ҳимояда агрессив ҳаракат қилишни ва имкон қадар олдинга интилишни талаб қилади. Менимча, айнан шуни бажардим. Лерма, Ариас ва қолган жамоадошларим билан биргаликда ярим ҳимояда яхши ишладик», — деди Пуэрта.
Футболчи иккинчи гол урилишидаги вазиятни ҳам эслаб ўтди.
«Иккинчи гол олдидан Лерма менга тўпни қайтариб олишда ёрдам берди. Кейин мен тўпни Лучога (Луис Диасга) узатдим. Шундан кейин эса унинг ҳаракатларига ортиқча изоҳ беришнинг ҳожати йўқ. Мен жаҳон чемпионатидаги илк ассистимни амалга оширганимдан жуда хурсандман», — деди колумбиялик яримҳимоячи.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Колумбия ўртасидаги баҳсда Жан Карлос Мунёс ҳисобни очган бўлса, Аббосбек Файзуллаев мувозанатни тиклаганди. Орадан беш дақиқа ўтиб Луис Диас Колумбияни яна олдинга олиб чиқди. Учрашувга якуний нуқтани эса қўшимча дақиқаларда Кампрас қўйди.
Биринчи тур якунларига кўра, Колумбия K гуруҳида пешқадамга айланди. Жанубий америкаликлар кейинги турларда Конго ДР ва Португалия миллий жамоаларига қарши майдонга тушади.