Португалия миллий жамоасининг ЖЧ-2026даги старти омадсиз кечди. Роберто Мартинес шогирдлари Конго ДР билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади.
Учрашувдан сўнг асосий эътибор Криштиану Роналдунинг ўйини ва мураббий Роберто Мартинеснинг қарорларига қаратилди. Бир қатор экспертлар португалиялик мутахассисни Роналдуни майдонда жуда узоқ қолдиргани учун танқид қилди.
Ирландия миллий жамоасининг собиқ футболчиси Тони Каскаринонинг фикрича, Роналду ўйинда деярли фойда келтирмаган.
«Имкон қадар мулойим бўлишга ҳаракат қиляпман, аммо Роналду ўз даражасида эмасди. Вақт унга таъсир қилаётгани кўриниб турибди. Унда аввалги тезлик ҳам, энергия ҳам йўқ эди. У Португалия ҳужумига деярли ҳеч нарса бера олмади», — деди Каскарино.
Эксперт Мартинеснинг Роналдуни алмаштирмаганидан ҳайратда қолганини ҳам яширмади.
«Мураббий сифатида жамоа манфаатини биринчи ўринга қўйишингиз керак. Агар ўзгариш жамоанинг ғалаба қозониш имкониятини оширса, буни амалга оширишингиз шарт», — дея қўшимча қилди у.
Франция ва «Арсенал» афсонаси Терри Анри эса Роналдунинг индивидуал рекордларга ҳаддан ташқари эътибор қаратаётгани жамоа ўйинига салбий таъсир кўрсатганини таъкидлади.
Статистик маълумотларга кўра, 41 ёшли ҳужумчи баҳс давомида дарвоза томон бирорта ҳам аниқ зарба бера олмади. Шунингдек, унинг йирик турнирлардаги голсиз серияси 10 та ўйинга етди.
Шунга қарамай, Роналду танқидларни қабул қилмади.
«Нима етишмади? Ҳеч нарса. Бу футбол. Португалия ғалаба қозониши ҳам мумкин эди, мағлуб бўлиши ҳам мумкин эди. Ўйин ҳар томонга оғиши мумкин эди», — деди Португалия сардори.
Эслатиб ўтамиз, ушбу учрашувда майдонга тушиш орқали Роналду Лионел Мессининг олтита жаҳон чемпионатида иштирок этиш бўйича рекорди билан тенглашди.