Ўзбекистон миллий жамоаси яримҳимоячиси Аббосбек Файзуллаевнинг илк мураббийи Дмитрий Ан мамлакат жамоасининг ЖЧ-2026даги иштироки ва мамлакатдаги футбол муҳити ҳақида фикр билдирди.
«Бу миллий жамоамизнинг жаҳон чемпионатидаги дебюти. Йигитлар ёмон кўринишмади. Айрим вазиятларда эътибор ва концентрация етишмади. Ҳисоб тенглашгач, янада интизомлироқ ва ҳушёрроқ ўйнаш керак эди. Шунга қарамай, жамоа яхши таассурот қолдирди. Ўзбекистон миллий жамоасининг мундиалдаги дебютидан жуда хурсандман ва фахрланаман», — деди мутахассис.
Айни пайтда Қирғизистонда бош мураббий сифатида фаолият юритаётган Ан миллий жамоа ўйинини кузатганини ҳам айтиб ўтди.
«Биз ҳам бу ерда Ўзбекистон миллий жамоаси ўйинини томоша қилдик. Ўзбекистондаги яқинларим ва танишларим эса мамлакатдаги муҳит ҳақида гапириб беришди. Дебют учрашувини томоша қилиш учун иш куни ҳам кўчирилди, чунки ўйин Тошкент вақти билан эрталаб соат 7:00 да бошланган эди», — деди у.
Мураббийнинг таъкидлашича, бугун бутун Ўзбекистон милий жамоа ортида бирлашган.
«Бутун мамлакат миллий жамоага мухлислик қилмоқда ва қўллаб-қувватламоқда. Бу жуда қувонарли ҳолат. Биз аста-секин футбол давлатларидан бирига айланиб боряпмиз. Халқимизнинг терма жамоани қўллаб-қувватлаётгани жуда ёқимли. Давлат томонидан яратилаётган шароитлар ҳам таҳсинга лойиқ. Ўйлайманки, футболчиларимиз майдонга чиқаётганида бунинг барчасини ҳис қилишмоқда», — дея қўшимча қилди Дмитрий Ан.
Эслатиб ўтамиз, ЖЧ-2026 гуруҳ босқичининг 1-турида Колимбия Ўзбекистон устидан 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди.