Германия миллий жамоаси собиқ аъзоси Лотар Маттеус жамоанинг ЖЧ‑2026даги ўйинини танқид қилди ва асосий муаммолар ҳақида гапирди. Парагвайга имкониятни бой бериб қўйган немислар мусобақани 1/16 финал босқичидаёқ тарк этишга мажбур бўлди.
«Тўғрисини айтсам, миллий жамоа Юлиан Нагелсман қўл остида қандай қилиб кучайиши мумкинлигини тасаввур қила олмаяпман. Жаҳон чемпионатидан кейин жамоа янги босқични бошлаши керак — бошқа мураббий билан. Вазият жиддийлашиб кетди. Матбуотда яна шов-шув кўтарилди — бундай муҳокама тўлқинлари менга 1994 йилдан таниш.
Ҳали ҳам мусобақа бошидан футболчиларнинг оилалари улар билан бирга бўлиш сабабини тушуна олмаяпман. Логистика масалалари - парвозлар, меҳмонхоналарни банд қилиш - жамоа ичидаги муҳокамаларда доимий равишда кўтарилиб турар ва бу вазиятни янада кескинлаштирар эди: футболчилар бир-биридан норози эди.
Ўз навбатида, жамоанинг барча аъзосига бир хил вазият яратиб берилмади: кимдир онаси билан учиши мумкин бўлса, бошқаси — аёли ва болалари билан, қолганларга эса оддий тижорий рейслар насиб қилди.
Жамоа Америкага борганига 2 ҳафтадан кўп бўлмади, лекин оила аъзолари бу вақтни тўлиқлигича ўша ерда ўтказди. Аслида чоракфинал йўлланмаси қўлга киритилгач, агарда бу амалга ошса, уларни футболчиларнинг ёнига олиб бориш мантиқан тўғри бўларди», — дея Маттеус сўзларидан иқтибос келтирди Bild.